Президент Сингапур, Қирғизистон ва араб давлатлари делегацияларини қабул қилди

Жумладан, Қамбарота ГЭС-1 ва “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди. 

Сиёсат
2 май, 18:30
Президент Сингапур, Қирғизистон ва араб давлатлари делегацияларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 2 май куни қатор давлат делегациялари билан учрашув ўтказди. 

Жумладан, президент Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сингапур Республикаси Парламенти Спикери Сиа Киан Пенгни қабул қилди.

Суҳбат аввалида парламент раҳбари мамлакатимиз етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва форум юксак даражада ташкил этилганини эътироф этди.

Ўтган бир йилда Ўзбекистон-Сингапур муносабатларида улкан натижаларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Иккита давлат ташрифи муваффақиятли ўтказилди, товар айирбошлаш ҳажми, қўшма лойиҳалар сони, шу жумладан тўқимачилик ва кимё, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа тармоқларда изчил ошиб бормоқда.

Кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, туризм ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2 май куни Тошкент инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровни қабул қилди.

Суҳбат аввалида Ақилбек Жапаров Ўзбекистон етакчисига Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломини етказди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Қамбарота ГЭС-1 ва “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаларининг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш учун мамлакатимизга келган Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди.

Мамлакатимизда энергетика тармоғини ривожлантиришга энг кўп инвестиция киритган “ACWA Power” компанияси билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани таъкидланди.

Бу галги форум доирасида “яшил” энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 18 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланади.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда янги лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби Валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошиб бормоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етди.

Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+