Ўзбекистон элчихонаси Исроилда бўлиб турган фуқароларни огоҳлантирди
Эслатиб ўтамиз, сўнгги воқеалар фонида Эрон ва Исроил қарама-қаршилиги кучаймоқда.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мурожаат билан чиқди. Унда фуқаролар огоҳликка чақирилган.
"Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлигини эслатади.
Ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш учун заруратсиз яшаб турган жойингизни тарк этмасликни тавсия қиламиз", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армияси Ғазода уруш олиб бормоқда. Оқибатда 30 мингдан ошиқ фаластинлик қурбон бўлди.
1 апрел санасида Исроил Эроннинг Суриядаги консуллигида зарба берди, оқибатда генераллар ва офицерлар ҳалок бўлди. Эрон Исроилга жавоб беришини маълум қилди.
Ўз навбатида Исроил Эрон ҳужум қиладиган бўлса, мамлакатнинг ядро объектларини нишонга олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.