Ўзбекистон Яқин Шарқдаги ҳолатдан жиддий хавотир билдирди
ТИВ томонларни "хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга" чақирган.

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият бўйича баёнот берди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирган.
"Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз.
Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаймиз", дейилади баёнотда.
Ўзбекистон минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори ва вазият энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, бугун дастлаб Исроил Эронга зарбалар берди. Сўнгра АҚШ ҳужумга қўшилди. Эрон ўз навбатида Исроил ва АҚШ базаларини нишонга олди.
