Ўн беш яшар ўсмир Москвадаги терактда юздан ошиқ инсонни қутқарди
Унинг ота-онаси қирғизистонлик бўлиб, ўзи Россияда улғайган.
Ислом исмли 15 ёшли ўсмир Crocus City Hall'даги теракт вақтида юздан ортиқ одамни қутқариб қолди. У ҳодиса вақтида одамларни эвакуация қилишни ўз зиммасига олди.
Ўсмир концерт залида гардеробчи бўлиб ишлаган. Ислом хавфсизлик кўрсатмаларидан яхши хабардор бўлган. Отишма бошланганда, Ислом нотўғри йўналишда қочаётган одамлар оқимига тўсқинлик қилди ва йўл назоратчиси вазифасини ўз зиммасига олди, югураётганларни чиқиш томон йўналтирди.
"Йигит ўнлаб одамларни эвакуация қилишни ташкил қилган ва уларга хавфсиз чиқиш йўли орқали бинодан чиқиб кетишга ёрдам берган", деб ёзади ОАВ.
Қўрқув сабаб берк кўчага қочаётган инсонларни қутқарган ўсмирнинг ўзини тутиши олқишларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни тунда Москвада йирик теракт юз берди. Ҳозирда қурбонлар сони 150 кишидан ошган. Терактда айбланиб 11 киши ушланган.