Москвадаги теракт қурбонлари ва жабрланганлар сони ортди
Россиялик расмийлар 30 март ҳолати бўйича маълумот берди.
22 март куни Россияда содир бўлган терактнинг оқибатида қурбон бўлган ва жабрланганларнинг умумий сони маълум бўлди.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл"га уюштирилган ҳужум қурбонлари сони 144 нафарга етди, яна 551 киши жароҳат олган.
" 2024 йил 30 март соат 06:00 (Москва вақти) ҳолатига кўра, террорчилик ҳаракати натижасида 695 киши (шундан 15 нафари болалар) тан жароҳати олди, 144 нафари эса (шундан 5 нафари бола) ҳалок бўлди», — дейилади вазирлик сайтида.
Бир кун аввал, 29 март куни 143 киши вафот этган ва 382 киши жароҳат олгани хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни юз берган теракт оқибатида тўққиз нафар тожикистонлик қўлга олинди.
Мазкур ҳодиса сабаб Туркия, Европа ва бошқа минтақаларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам жамоат жойларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.