Президент 1-сонли “Мурувват” уйига борди

 Сўнгги беш йилда “Мурувват” уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошди, ходимлар ва ўринлар сони кўпайтирилди. 

Жамият
20 март, 9:12
Президент 1-сонли “Мурувват” уйига борди

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли “Мурувват” интернат уйини бориб кўрди.

 Сўнгги беш йилда “Мурувват” уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.

Аҳолига сифатли хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган эди. Пансионат, реабилитация маркази каби кўплаб ижтимоий муассасалар қатори “Мурувват” уйлари ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилди.

Ўтган йили бундай муассасалар учун давлат бюджетидан 624 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, уларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун аввалгига қараганда икки баробардан ортиқ маблағ берилмоқда.

Илгари “Мурувват” уйлари ўртасида ҳамкорлик бўлмаган. Ҳозир улар ўзаро фикр алмашиб, самарали усулларни, таълимдаги тажрибаларни татбиқ этмоқда.

Давлат ғамхўрлиги натижасида Тошкентдаги ушбу “Мурувват” уйи ҳам янги қиёфага кирди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди. Ҳар бир бўлим, махсус хоналар талаб даражасида жиҳозланди. Ҳаракатланиши қийин болалар махсус аравачалар билан таъминланди.

Муассасада руҳиятида сезиларли нуқсони бор 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилади. Бугунги кунда 299 нафар ўғил-қиз васийликка олинган. Уларга 334 нафар ходим, жумладан, малакали педагог, дефектолог ва шифокорлар ёрдамлашмоқда.

Шавкат Мирзиёев болаларнинг машғулотларини бирма-бир кузатди. Улар билан суҳбатлашиб, меҳрини изҳор қилди. Шароитларни яхшилаб, қулайликлар яратиб, ногиронлиги борларнинг иложи борича ҳаётда ўрин топишига кўмак кўрсатилишини айтди.   

Президентимиз бунда ижтимоий хизмат ходимлари ишини эътироф этиб, болаларга меҳр-муруввати учун миннатдорлик билдирди.

– Болаларимизга яхши қараётганингиз учун катта раҳмат сизларга. Бу оғир меҳнат, лекин жуда савобли ва керакли меҳнат, – деди давлат раҳбари.

Болаларни имкон қадар реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш, ота-оналарга психологик ёрдам бериш масалалари бўйича фикр алмашилди. Сўнгги йилларда имконият ва тизим пайдо бўлгани, бошқа ижтимоий муассасалардаги шароитларни ҳам яхшилаш зурурлиги таъкидланди.

Эндиликда “Мурувват” уйлари замонавий реабилитация жиҳозлари билан таъминланиб, ўз ишини янги концепция асосида йўлга қўяди. Унга кўра, болалар индивидуал ривожланиш дастурлари асосида жамиятга интеграция қилинади. Барча “Мурувват” уйларида учрашув хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, “Қўллаб-қувватлаш клублари” тузилиб, малакали мутахассислар васийларга ногиронлиги бўлган болани парваришлаш, оила шароитида тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш бўйича билимлар беради. Алоҳида таълимга тавсия берилмаган, оғир даражадаги касалликлари мавжуд болалар учун “Ғамхўрлик гуруҳи” ташкил этилади. Барча ҳудудий реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган болалар учун шундай хизматлар йўлга қўйилади.

Муассасанинг қозонхонаси ва муҳандислик тармоқлари ҳам тўлиқ янгиланган. Ҳудудга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ташқи ёритиш чироқлари ўрнатилган, йўлаклар асфалтланган.

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+