Катта партияда қалбаки "Анаферон" дориси аниқланди

Шунингдек, “Зодак”, “Хилак Форте” ва “Витамин Б6” номли қалбаки дори воситалари ҳам топилди.

Жамият
8 февраль, 15:17
Катта партияда қалбаки "Анаферон" дориси аниқланди

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин Б6” номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилганлиги аниқланди.

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази бу хабар юзасидан огоҳлантириш билан чиқди.

Ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, қуйидагилари маълум қилган:

"Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига,  шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти” тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади" дейилади хабарда.

Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 21-февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”га мувофиқ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келишини эслатиб ўтилган.

Мазкур лицензия талаблари ва шартларини бузган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотлар фаолият учун берилган лицензияси бекор қилиниб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган. 

Эслатиб ўтамиз,  2022 йил охирида Док-1 Макс сиропидан 65 бола ҳаётдан кўз юмганди

Шунингдек,  2023 йил кузида Наманганда болаларнинг доридан заҳарланиши ҳолати ҳам кузатилди. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+