Россияга дўст давлатлар рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлатилди

Рейтингни тузишда 14 та собиқ совет республикаларидаги тадбирлар, 2023 йилга мўлжалланган ҳукумат ҳужжатлари, давлат раҳбарларининг баёнотлари ва медиа манбалар таҳлил қилинган.

Жаҳон
27 февраль, 19:56
Россияга дўст давлатлар рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлатилди

2023 йилда "Россияга дўст давлатлар" рейтинги эълон қилинди

Рейтингни тузишда 14 та собиқ совет республикаларидаги тадбирлар, 2023 йилга мўлжалланган ҳукумат ҳужжатлари, давлат раҳбарларининг баёнотлари ва медиа манбалар таҳлил қилинган. Натижалар балларда ҳисобланиб, Москвага "дўстлик даражаси" аниқланган.

Мазкур рейтингга Россияга "дўст бўлган" 10 та давлат киритилган. Рейтингда Жанубий Осетия тан олинмаган давлати етакчи бўлиб турибди. Энг охирги қатордан эса Арманистон жой олган. Афтидан, охирги кунларда Арманистон халқи ҳамда ҳукуматининг аксилроссия чақириқлари кучайгани шунга сабаб бўлган. 

Рейтингга кирган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам мавжуд. Бироқ у аввалги рейтингга нисбатан бир поғона пастга туширилган: юртимиз 2022 йилги рейтингда 59,3 балл билан 3-ўринга қўйилган эди:

  1. Жанубий Осетия – 93,5 балл;
  2. Беларус – 87,6 балл;
  3. Абхазия – 81,4 балл;
  4. Қирғизистон – 60,3 балл;
  5. Тожикистон – 58,7 балл;
  6. Ўзбекистон – 55,2 балл 
  7. Озарбайжон – 50,1 балл;
  8. Қозоғистон – 50 балл;
  9. Туркманистон – 47,1 балл;
  10. Арманистон – 46 балл.

Шунингдек, Россияга дўст бўлмаган давлатлар рейтинги ҳам тузилган бўлиб, ундан 5 та давлат Молдова, Эстония, Литва, Латвия, Украина жой олган.

Таъкидлаш керакки, бундай "дўстлик" рейтинги Россияда ягона эмас. Россия 2014 йилда Қримни босиб олгани, Украинанинг Донбасс ва Луганск вилоятларидаги ҳамда Суриядаги вазиятга ҳарбий аралашуви, шунингдек, турли киберҳужумлари ва умуман, Ғарб демократиясига қарши ҳаракатлари боис 2018 йилда АҚШ молия вазирлиги Россиянинг бир қатор компания ва шахсларига нисбатан санкциялар киритган эди.

Бунга жавобан Россияда ҳам дўст ва дўст бўлмаган мамлакатлар рўйхатлари тузила бошланди. Айрим рўйхатдаги  "нодўстона" давлатлар билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш, жумладан, уларнинг валюта ва биржа савдоларида қатнашиши тақиқланади. Айрим рўйхатлардаги "нодўстона"  давлатлар билан эса авиақатновлар тавсия этилмайди. 

2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, Москва таъбири билан айтганда, "махсус ҳарбий операция"ни қўлламаган ёки унга қарши бўлган давлатларнинг рўйхатлари ҳам пайдо бўлди. Бундай рўйхатлар ҳар йили янгиланиб туради ва шу мамлакатлар билан давлат даражасидаги алоқалар сифатига салбий таъсир қилади.

Қайд этиш жоиз, бу рўйхатлардаги нейтрал давлатлар мақоми ҳам бор. Бу каби давлатлар "душман" ҳисобланмайди.

Аммо энг жиддий "темир рўйхат" – Россия ҳукумати қарори билан тасдиқланган "Россияга дўст бўлмаган давлатлар рўйхати"дир. Қизиқиғи шундаки, 2022 йил 29 октбярда шакллантирилган бу рўйхатга Россиянинг Украина ерларини истило қилишига қарши турган 49 давлат киритилган бўлиб, уларнинг барчаси (Украина ва Черногория каби давлатларни ҳисобга олмаганда) дунёнинг энг пешқадам, иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва демократик давлатларидир.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+