platina.uz

Ёшларга ер ажратиш сиёсати халқни даромадли қилишда ёрдам беряпти

Пискент туманида 20 нафар ёшларга 50 сотихдан ажратилган ер майдонида бир гектардан 75 миллион сўмдан даромад олинмоқда.

Жамият
30 декабрь 2024 йил
Ёшларга ер ажратиш сиёсати халқни даромадли қилишда ёрдам беряпти

Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида 2024 йилда катта ишлар амалга оширилди. Бунда ёшларга деҳқон хўжаликлари учун ер ажратиш алоҳида ўрин тутади.

Президентнинг “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида 2024 йилда ёшларга деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш учун 60 минг гектар ер майдонларини онлайн аукцион орқали ижарага бериш белгиланди. Ушбу ер майдонларида қўшимча 1,5 миллион тонна маҳсулот етиштириш ҳамда экспортни 200 миллион долларга кўпайтириш режалаштирилган.

Қарор билан 13 тоифадаги ёшларга ер ажратиш белгиланди. Бунда ер майдонлари 30 йил муддатгача кичик лотларда “бир массив — бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага берилади.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимликлари захирасидаги 61 290 гектар ер майдони 161 619 та лотларда ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, “E-ijara” платформасига жойлаштирилди.

Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистонда 5058 га (7672 та лот), Андижонда 2544 га (16 385 та лот), Бухорода 4990 га (17410 та лот), Жиззахда 5671 га (7537 та лот), Қашқадарёда 6082 га (8222 та лот), Навоийда 2016 га (3723 та лот), Наманганда 4584 га (18443 та лот), Самарқандда 7017 га (20 210 та лот), Сурхондарёда 6083 га (10465 та лот), Сирдарёда 3046 га (6245 та лот), Тошкентда 6226 га (14 086 та лот), Фарғонада 5011 га (18664 та лот), Хоразмда 2962 га (12557 та лот) ер майдони онлайн аукционга чиқарилган.

Тизимга шунингдек, “Маҳалла еттилиги” тавсиялари асосида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш мақсадида 223785 нафар ёшлар киритилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ажратилган 55.4 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.

Ҳудудлар бўйича аниқ мисолларга ўтилса, Тошкент вилояти Пискент туманида 20 нафар ёшларга 50 сотихдан ажратилган ер майдонида бир гектардан 75 миллион сўмдан даромад олинмоқда. Бу ҳар бир деҳқон хўжалиги ўртача 30-35 миллион сўм даромад топяпти дегани.

Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, Пахтакор МФЙда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган 19 нафар ёшларга 25 сотихдан бўлиб берилган. Мазкур майдонларда қовун экилиб, 1 гектар ердан ўртача 85 миллион сўм даромад олинди. Бу ҳар бир деҳқон хўжаликларга ўртача 15-20 млн сўмдан тўғри келди.

Умуман олганда Республика бўйича бу каби хўжаликларда жами 1.2 миллион тонна маҳсулот етиштирилди. Экспорт салоҳияти ҳам ошиб, мазкур ер майдонларида етиштирилган қиймати 259.3 миллион долларлик 769.1 минг тонна сабзавот экспорти амалга оширилди.

Жумладан, 63.6 миллион долларлик пиёз (33.9 минг тонна), 41 миллион долларлик помидор (44.9 минг тонна), 32.7 милллион долларлик оқ карам (150.4 минг тонна) экспорт қилинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+