platina.uz

Ҳиндистон собиқ бош вазири Махоман Сингх вафот этди

У мамлакатда ўтказган ислоҳотлари сабаб "иқтисодиётни либераллаштириш қаҳрамони" сифатида тилга олинади. 

Жаҳон
27 декабрь 2024 йил
Ҳиндистон собиқ бош вазири Махоман Сингх вафот этди

Ҳиндистон собиқ бош вазири, "иқтисодиётни либераллаштириш қаҳрамони" Манмохан Сингх 92 ёшида вафот этди, деб ёзади The Economic Times.

Бунгача у Нью-Деҳлининг AIIMC фавқулодда ёрдам бўлимига ётқизилган. Indian Express газетасининг ёзишича, собиқ бош вазирга юрак-ўпка реанимацияси кўрсатилган, бироқ уринишлар муваффақиятсизликка учраган.

Сингх умри давомида бир қанча касалликлардан азият чекиб келган.

Бош вазир Памулапарти Венката Нарасимха Рао (1991-1996) даврида молия вазири бўлиб ишлаган Сингх иқтисодий ислоҳотларнинг асосий меъмори саналади, деб таъкидлайди The Economic Times.

Манмохан Сингх 1932 йил 26 сентябрда туғилган. У Панжоб университетида иқтисод бўйича магистрлик даражасини, кейин эса Оксфорд университетида Phd даражасини олди.

У биринчи марта 2004 йилги умумий сайловлардан кейин бош вазир бўлди ва 2009 йилда қайта бу лавозимни эгаллади.

2014 йилда Сингх ўзи вакиллик қилган Ҳиндистон Миллий Конгресси партияси парламент сайловларида мағлуб бўлганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилди. У мустақил Ҳиндистон тарихида (Жавоҳарлал Неру ва Индира Гандидан кейин) энг кўп хизмат қилган учинчи бош вазир бўлди. Унинг вориси Ҳиндистон халқ партияси раҳбари Нарендра Моди эди.

Молия вазирлиги раҳбари сифатида Сингх 1991-1992 йилларга мўлжалланган бюджет лойиҳасини тақдим этди, у Ҳиндистон иқтисодиётини либераллаштириш, глобаллашув ва хусусийлаштириш йўналишига асосланганди. Бу мамлакатда бозор иқтисодиёти сари сезиларли силжишни кўрсатди ва кейинги ўн йилликларда тез иқтисодий ўсишга йўл очди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+