Туркиядаги заводда портлаш сабаб 12 киши ҳалок бўлди
Ушбу иншоотда ов ва спорт учун мўлжалланган ўқ-дорилар, фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун портловчи моддалар ишлаб чиқарилган.

Туркияда портловчи моддалар заводида юз берган портлашда 12 киши ҳалок бўлди.
Яна камида уч киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда CNN Turk маҳаллий ҳокимият маълумотига асосланиб.
Портлаш сабаблари ҳозирча маълум эмас, бироқ, дастлабки маълумотларга кўра, диверсия ҳақида гап йўқ.
Туркия Адлия вазирлиги раҳбари Йилмаз Тунч воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“Баликесир прокуратураси воқеа юзасидан кенг қамровли тергов олиб бормоқда. Уни олиб бориш учун тўрт нафар прокурор жалб этилди”, — деб ёзди вазир Х ижтимоий тармоғида.
Завод Баликесир вилоятида жойлашган. Портлаш маҳаллий вақт билан 8:25 да содир бўлган. Заводнинг портлаш содир бўлган қисми қулаб тушди.
Компания веб-сайтига кўра, завод бошқа нарсалар қаторида ўқ-дорилар, жумладан, ов ва спорт учун мўлжалланган ўқ-дорилар, фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун портловчи моддалар ишлаб чиқаради.