Транспорт хизматлари кўрсатиш динамикаси ўсиб боряпти
Ҳаво транспортида йўловчи ташишлар сони 13 млн.дан ошиб кетган, кейинги йилда 15 млн.дан ошириш режалаштирилган.
Таҳлилий маълумотларга кўра, 2024 йил якуни бўйича соҳада ижобий ўсиш динамикаси сақлаб қолинди;
- Транспорт хизматлари ҳажми 2017 йилга нисбатан 3,7 баробарга ошиб, 134,3 трлн сўм (ўтган йилга нисбатан 108,8 фоиз) ни ташкил этилиши кутилмоқда.
- Йўловчи ташиш ҳажми 2017 йилга нисбатан 28,0 фоизга ўсиб, 6,9 млрд нафар (ўтган йилга нисбатан 106,3 фоиз) йўловчи ташилиши кутилмоқда.
- Юк ташиш ҳажми 2017 йилга нисбатан 41,0 фоизга ўсиб, 1,47 млрд тоннани (ўтган йилга нисбатан 105,1 фоиз) ташкил этиши кутилмоқда.
- Транспорт хизматлари экспорти 2017 йилга нисбатан 76,4 фоизга ўсиб, 1,70 млрд доллар бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 110 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
2024 йил бошидан ҳудудлардаги тадбиркорлар томонидан атроф-муҳитга зарари кам сиқилган газда ҳаракатланадиган 421 та автобус (74 та электробус) ва 496 та микроавтобус олиб келиниб, йўналишларга бириктирилди. Жорий йил якунига қадар яна 32 та та автобус, 20 та электробус ва 50 та микроавтобус олиб келиниши кутилмоқда.
Ҳозир ҳудудларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан 500 та автобус харид қилиш бўйича шартномалар тузилган бўлиб, шундан 269 та автобус харид қилиш (249 та автобус ва 20 та электробус) бўйича маблағлар ўтказилган.
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимида янги молиялаштириш тизими жорий этилиб, брутто-шартнома асосида ташкил этилиб, брутто-шартнома тизимига ўтказиш ишлари тўлиқ якунланди.
Тошкент шаҳри жамоат транспортида электрон тўлов тизими жорий этилиб, ҳозирги кунда йўлкиранинг метрода 100 фоизи, автобусда эса 70 фоизи электрон тўлов шаклида амалга оширилмоқда.
2024 йилнинг март ойида “Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг II босқичи қурилиши” лойиҳаси доирасида қуриб битказилган 2 та бекатдан иборат узунлиги 3,6 км бўлган “Қурувчилар-Қипчоқ” қисми ишга туширилди.
2017-2024 йилларда амалга оширилган ишлар натижасида метрополитен линиясининг умумий узунлиги 38 км дан 70,8 кмга, бекатлар сони 29 тадан 50 тага етказилди.
Бундан ташқари:
- 2019 йилда 5 та (20 та вагон), 2021 йилда 10 та ( 40 та вагон), 2024 йилда 14 та (56 та вагон) харакат таркиблари олиб келинди. Метрополитеннинг жами харакат таркиблари сони 78 та (313 та вагон)га етди. 2025 йилда Тошкент метрополитени учун 14 та янги поездлар (56 та вагон) олиб келинади.
- Бу ўз навбатида метрополитен харакат таркиблари парки янгиланишига, харакат таркиблари оралиқ интервали 2-4 дақиқага қисқартириш имкониятини яратди. Натижада, Тошкент метрополитенида 2022 йилда кунлик ўртача 375 минг йўловчи ташилган бўлса, жорий йилда кунлик 1 млн йўловчи ташишга эришилди.
- 2024 йил давомида темир йўл транспорти инфратузималарини ривожлантириш борасида тезюрар поездлар ҳаракат йўналишини кенгайтириш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш бўйича “Бухоро-Урганч-Хива” 465 км.лик темир йўл участкаси тўлиқ электрлаштирилди ва электрлаштирилган темир йўл линияларининг улуши 48 фоизга етказилди.
- Темир йўлларини электрлаштириш лойиҳалари доирасида замонавий қурилмалар ва энерготежамкор технологиялар ўрнатилиши натижасида атроф-муҳитга зарарни камайтиришга ва эксплуатация ҳаражатларини 30 фоизга камайтиришга эришилди.
- 2025 йилда Бухоро-Урганч-Хива участкасини электрлаштириш лойиҳасидан тежалган маблағ ҳисобига Мискин-Нукус (196 км) участкасини электрлаштириш бошланади ва 2026 йил якунига қадар якунланади.
- “Оқ-кўприк” станциясида 2 та янги электрлаштирилган 5 ва 6-қабул қилиш-жўнатиш йўли тўлиқ қурилиб, станциянинг ўтказувчанлик қобилияти 30 фоизга (40 та жуфт поезд) оширилди.
- Узунлиги 80,2 км бўлган “Шовот-Қораўзак” темир йўл линияси ва Амударё устидан ўтувчи қўшма кўприк қуриб, фойдаланишга топширилди. Натижада, қўшма кўприкдан кунига 12 мингта автомобиллар ва 24 жуфт поездлар қатновини амалга ошириш имконияти яратилди ҳамда темир йўл орқали юк ва йўловчиларни ташиш масофаси 240 кмга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқартиришига эришилди.
- Юк вагонлар паркини янгилаш бўйича, жорий йилда 1 006 та юк вагонлар ишлаб чиқарилди. (“Қуюв механика заводи” АЖда – 654 та ва “Андижон механика заводи” АЖда – 352 та). Йўловчи вагонлар паркини янгилаш бўйича, жорий йилда 30 та янги йўловчи вагон ишлаб чиқарилди ҳамда 245 та йўловчи вагон таъмирланди.
- Шунингдек, авиация бозори эркинлаштирилиши ҳамда соҳага хусусий секторнинг кириб келиши натижасида, резидент авиакомпаниялар сони 16 тага еказилди.
2024 йилда 16 та қўшимча ҳаво кемалари олиб келиниб, миллий авиация паркидаги ҳаво кемалар сони 85 тага етказилди. 2025 йил давомида яна 10 та ҳаво кемаларини олиб келиниб ҳаво кемалар парки сонини 95 тага етказиш кўзда тутилган.
2024 йилда жами авиақатнов сони 110 мингтага етказилди, 2023 йилга нисбатан +122% (халқаро 73.18 минг +123%, маҳаллий 30.91минг +121%), 2025 йилда умумий сони 123,4 мингтага етказиш режалаштирилган.
Авиа йўналишлари сони 195 тага (177 та халқаро, 18 та маҳаллий) етказилди, 2023 йилга нисбатан +116%, 2025 йилда 209 тага етказиш прогноз қилинди.
Маҳаллий йўналишларда ҳафталик авиақтановлар Тошкент-Термиз 14 тадан 23 тага, Тошкент-Бухоро 10 тадан 21 тага, Тошкент-Урганч 14 тадан 22 тага, Тошкент-Фарғона 7 тадан 12 тага оширилди.
Шу билан бир қаторда, Зомин, Қўқон ва Шаҳрисабз аэродромлари реконструкция қилинди ҳамда уларни мамлакатнинг халқаро аэрпортлари билан боғловчи йўловчи ташиш авиақатновлари йўлга қўйилди.
2025 йилда Андижон, Сариосиё ҳамда Зарафшон аэродромлари таъмирланиб янги маҳаллий йўналишларда авиқатновларни йўлга қўйиш ҳамда олис ҳудуддаги аҳолини узоғини яқин қилиш режалаштирилган.
Тошкент вилояти ҳудудида йилига 40 млн йўловчига хизмат кўрсатиш имконини берадиган ва келгусида йўловчи ҳамда юк ташиш бўйича транзит хабга айланадиган “Янги Тошкент халқаро аэропорти”ни қурилиши лойиҳасининг ТИАси ишлаб чиқилади.
Ҳаво транспортида ташилган йўловчилар сони 13,19 млн.га етказилди, 2023 йилга нисбатан +126% (халқаро 10.78 млн +125%, маҳаллий 2.41 млн +127%), 2025 йилда ушбу кўрсаткич 15,3 млн йўловчига етиши кутилмоқда.
Юк ва почта ташиш ҳажми 89,50 минг тоннагача етказилди, 2023 йилга нисбатан +125% (халқаро 88.78 минг +124%, маҳаллий 0.72 минг +126%), 2025 йилда 95 минг тоннага етказиш режалаштирилган.