platina.uz

Протез турлари салкам 2, унга ажратилган пул 1,5 баравар оширилди

Ногиронлиги бор шахслар зарур воситаларни электрон тарзда ўзлари танлаб олишлари мумкин.

Жамият
20 декабрь 2024 йил
Протез турлари салкам 2, унга ажратилган пул 1,5 баравар оширилди
Фотоколлаж: Platina.uz

Маҳалла даражасида 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизими яратилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 1,5 бараваргача оширилди. Энг муҳими – инсонлар зарур воситаларни электрон тарзда ўзлари танлаб олишлари мумкин.

Бунда муҳтож шахсларга ваучердан (давлат томонидан қоплаб бериладиган маблағдан) фойдаланган ҳолда электрон тижорат орқали тегишли протез мосламаси ёки реабилитация воситасини ўз танловига кўра бевосита ўзи, қонуний вакили ёки ижтимоий ходимлар кўмагида харид қилиш имкони яратилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.

– Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади, – дейди Шавкат Мирзиёев.

Республика бўйича 66 та ихтисослаштирилган мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида ногиронликнинг оғир турларига эга болалар учун “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил этилди. Мазкур гуруҳларга 500 дан ортиқ оғир турдаги ногиронлиги бўлган болалар йўналтирилган.

2021 йилдан ҳозирга қадар 2481 та етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жойлар билан таъминланди (418 млрд 988 млн сўм маблағлар сарф этилган). Жорий йилда шу мақсадда давлат бюджетидан 140 млрд сўм, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан эса 42 млрд сўм, жами 182 млрд сўм маблағлар ажратилди.

Жорий йилда 775 нафар болалар уй-жой билан таъминланди ва йил сўнгига қадар яна 15 нафар боланинг тураржойлар билан таъминланиши режалаштирилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти тубдан ўзгартирилди. Тазйиққа учраганларга уч босқичли “маҳалла-туман-вилоят” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. Эндиликда тазйиқ ҳолати доимий ўрганилиб, кузатиб борилади, ҳимоя ордери талаб қилмасдан ижтимоий хизматлар кўрсатилади, ариза талаб этмаган ҳолда бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

2024 йил 1 майдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматларга тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 648 минг сўмлик моддий ёрдам жорий этилди.


Маълумот ўрнида:

2020 йилнинг бошида Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ агентликлари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича БМТ қўшма лойиҳаси йўлга қўйилди. Асосий мақсад – ногиронлиги бор катта ёшдагилар ва болаларни ўз ичига оладиган барча Ўзбекистон фуқароларини бутун ҳаётлари давомида ижтимоий ҳимоянинг сифатли хизматларидан фойдалана олиш имконияти билан таъминлаш.

Мазкур лойиҳадаги учта энг устувор йўналишлардан бири, бу ижтимоий ҳимоя бўйича ягона давлат координацион механизмини яратиш ҳисобланади.

Ижтимоий ҳимоя тизими турли вазирлик ва идоралар орасида тарқоқ ҳолда эканини ва уларнинг ҳеч бири ушбу соҳада координация, интеграция ва ягона давлат сиёсатини амалга оширишга жавобгар эмаслигини кўрсатди. Ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирилган стратегия ва ягона қараш мавжуд эмас.

Ҳар бир идора таркибида вертикал ташкилий тузилма йўлга қўйилганига қарамай, турли давлат органлари ўртасида горизонтал коммуникация йўқ, ва бу ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларига тақдим этилаётган ижтимоий хизматларнинг амалийлиги, қамраб олиниши ва сифатини сезиларли даражада пасайтирмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоянинг расмий қабул қилинган таърифи ҳам, ҳозирги вақтда мавжуд турли дастурларни бошқариш, координация қилиш ва ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган ягона орган ҳам йўқ эди.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг тарқоқлиги охир-оқибат бир хил вазифаларнинг турли идоралар томонидан такрорланиши, маблағларнинг самарасиз сарфланиши, ижтимоий ҳимоя ва нафақалар билан қамраб олиш даражасининг пастлиги, аҳолининг заиф қатламлари ҳақида ягона маълумотлар базаси ва статистик маълумотларнинг йўқлигига олиб келади.

Ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси янги босқичга олиб чиқилиб, ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилди.

Республиканинг 208 та туман(шаҳар)ларида “Инсон” марказлари ва ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+