platina.uz

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 120 млрд долларга етказиш режа қилинмоқда

2025 йилда электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади. Бу ҳақда президент йиғилишида маълум қилинган.  

Иқтисод
Кеча, 14:13
Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 120 млрд долларга етказиш режа қилинмоқда
Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимизда пул кўпайгани, инвестиция лойиҳаларини барқарор молиялаштиришнинг мустаҳкам асоси яратилгани таъкидланди.

Жумладан, корхоналарнинг банклардаги маблағлари 20 триллион сўмга ошиб, 107 триллион сўмга етди. Аҳоли омонатлари ҳам 25 триллион сўмга кўпайиб, 105 триллион сўм бўлди.

Йил якуни билан ажратилган жами кредитлар 275 триллион сўмни ташкил қилади. 2025 йилда бу 300 триллион сўмдан ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Корхоналарни барқарор энергия билан таъминлаш учун электр ишлаб чиқариш 82 миллиард киловатт-соатга етди.

Бу йил ишга тушган 6,3 миллиард долларлик 17 та йирик “яшил” ва янги технологияга асосланган энергия қувватлари ҳисобига келгуси йилда қарийб 90 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилади.

Бу ишлар давом эттирилиб, 2025 йилда яна 6,4 миллиард долларлик 25 та лойиҳа доирасида 4,8 гигаватт янги қувватлар барпо этилади.

Энди энергия соҳасида ҳам рақобатли бозорга ўтиш вақти келгани қайд этилди. Ҳозирги кунда юртимизда мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар сони 24 тага етди. Илк бор 2025 йилда электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади.

Келгуси йилда меҳмон ўринлари яна 30 мингга ошади. Тадбиркорлар бунга 10 триллион сўм инвестиция киритишга тайёр.

Бу йил ишга тушган 17 та йирик савдо ва туристик масканга қўшимча яна 25 та шундай мажмуа қўшилади.

Бўстонлиқда 10 миллиард долларлик “Sea Breeze” номли йирик марказ қурилишини бошлашга келишиб олинди.

Шунингдек, мамлакатимизга дунёни нуфузли Swissôtel, Sheraton, Ritz-Carlton, Novotel, Pullman, Marriott, ibis, Mercure каби 23 та меҳмонхона брендлари кириб келаяпти.

Президент минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади.

Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди.

Шунингдек, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади.

Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига 2 карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади.

Бундан ташқари, IT-park резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади.

Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади.

Йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кираётгани айтилди. АҚШ, Хитой каби йирик давлатлар билан келишувларга эришилди.

Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётган бўлса-да, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишда давом этиши таъкидланди.

Бу йил қўшни мамлакатлар билан чегарадан ўтиш билан боғлиқ бир қатор масалаларга ечим топилди.

Хусусан, 13 йил ёпиқ бўлган Андижоннинг “Хонобод”, “Мингтепа” ва “Қорасув” ҳамда 8 йил ишламаган “Учқўрғон” чегара постлари тикланди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар йўли 100 километрга қисқарди.

Умуман, ўтган 11 ойда чегара орқали ҳаракатланган транспорт сони 400 мингга ошиб, 3 миллионга етди.

Келгуси йилда “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади.

Умуман, мураккаб геосиёсий шароитга қарамай, иқтисодиётимиз 6,3 фоизга ошиб, 111 миллиард доллардан кўпайгани таъкидланди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 38 миллиард доллар инвестиция кирди, экспорт 26 миллиард доллардан ошди.

Келгуси йилда маррани катта олиб, ялпи ички маҳсулотни 120 миллиард долларга, экспортни 30 миллиардга етказиш, инвестицияни 42 миллиарддан ошириш, 5 миллион аҳолини банд қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш режа қилинмоқда.

Шу йилнинг ўзида хусусий секторда даромад солиғи тўловчилар сони 365 мингга кўпайди. Кейинги вазифа – уларнинг даромадини кўпайтириб, муносиб ҳаёт кечириши учун етарли шароит яратишдан иборат.

Лекин хусусий сектордаги ишчиларнинг 30 фоизида расмий ойлик 1 миллион сўмдан кам қилиб кўрсатилган.

Айниқса, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда бу масала жуда долзарб экани таъкидланди. Бу асосан тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида учраяпти.

Бу ҳолатнинг сабаб-омилларини бартараф этиш мақсадида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди.

Масалан, тўқимачилик ва чарм соҳаларида камида 2,5 миллион сўм ойлик тўлайдиган, 15 фоиз ишчиси эҳтиёжманд оиладан бўлган тайёр маҳсулот чиқарувчи тадбиркорларга енгилликлар берилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+