Маънавий экспертиза бўйича қарор бекор қилинди
Қарорда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгиланганлиги аниқланган.

Медиа маҳсулотларни "маънавий экспертиза"дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда медиа маҳсулотларини "маънавий экспертиза" дан ўтказиш амалиёти жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Адлия вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, бундай қарор қонуний кучга эга эмаслигини маълум қилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи нормалар фақат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган тақдирдагина кучга киради.
Вазирлик томонидан мазкур масала ўрганилганда унда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгиланганлиги аниқланган.
"Маънавий экспертиза" дан ўтказиш ҳақидаги ҳужжат тегишли органлар томонидан бекор қилинган ва ижродан чиқарилган.