Пойтахтда ТОП 100 ўқув марказлар ярмаркаси ўтказилди
“Тошкент ёшларни севади” ойлиги қизғин давом этяпти. Ташкилотчилар ушбу ойлик доирасида ёшларнинг барча қатламини қамраб олишга қаратилган лойиҳаларни тақдим этмоқда.
10 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Алпомиш” муз саройида “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида Тошкент шаҳрининг ТОП 100 та ўқув марказлари ярмаркаси ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, шунингдек, мингдан ортиқ лицей ва мактаб битирувчилари ҳамда пойтахтда фаолият юритаётган ўқув марказлар вакиллари иштирок этишди.
Мазкур ярмаркадан кўзланган мақсад олий таълим муассасаларига ўқишга тайёргарлик кўраётган ёшларни сифатли таълим марказлари билан таништириш, уларни малакали мутахассисларга йўналтириш, шунингдек, етакчи ўқув марказларига ўқувчилар орасида ўз имкониятларини тарғиб қилишга имконият яратиш каби вазифалардан иборат.
Ушбу ярмарка орқали ёшлар нафақат таълим берувчи, балки касб-ҳунар ўргатувчи ўқув марказлари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлди.