Биржага чиқарилаётган кунлик бензин ҳажми икки баробар оширилади
Бу газ заправкаларига киритилаётган чеклов билан боғлиқ.
Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Совуқ ҳаво оқими натижасида айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига киритилаётган қисқа муддатли чеклов муносабати билан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми вақтинчалик икки карра оширилади, дейилади вазирлик маълумотида.
Бунинг учун барча ҳудудларда зарур миқдорда захиралар яратилгани маълум қилинган.
Талаб ва таклифга қараб биржа савдоларига жойлаштирилаётган автобензин ҳажмини янада ошириш имконияти мавжудлиги маълум қилинади.
Истеъмолчиларнинг автобензинга бўлган талабини тўлиқ қондириш масаласи давлат назоратига олинган.
"Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий куз-қиш мавсумида мамлакат аҳолисини автобензин билан зарур миқдорда ҳамда узлуксиз таъминлаш юзасидан барча зарурий чоралар кўрилган.
Шу ўринда хусусий автозаправкалар эгаларидан нархларни сунъий равишда оширмасликларини, автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишларини сўраймиз.
Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳлар томонидан жойларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Нархларнинг асоссиз равишда ошириб юборилишига йўл қўйилмайди", дея таъкидланган Энергетика вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 9 декабр куни Ўзбекистон бўйлаб газ заправкаларга чеклов ўрнатилиши маълум қилинди.