Асадга Россия бошпана берди: Сурия бўйича сўнгги янгиликлар
Исёнчилар раҳбари Абу Муҳаммад Жўлоний омма олдида нутқ сўзлаб, Асад режими устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди. Исроил кучлари эса Сурия чегара ҳудудига кирди.
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад Москвага келди, Россия унга бошпана берди, дея хабар бермоқда "ТАСС" Кремлдаги манбага асосланиб.
У оила аъзолари билан келган.
8 декабр куни Башар Асад минган самолёт радарлардан ғойиб бўлган ва Reuters уни ҳалок бўлгани эҳтимолини ёзганди.
Пойтахт Дамашқ тўлиқ исёнчилар ихтиёрига ўтди, уларнинг президент саройида юргани видеолари тарқалди.
Исёнчилар раҳбари Абу Муҳаммад Жўлоний омма олдида нутқ сўзлаб, Асад режими устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху якшанба куни Исроил ҳарбийлари Сурия билан 1974 йилда тузилган шартнома Башар Асад режими билан бирга барбод бўлганини айтиб, Голан тепаликларидаги буфер зонага вақтинчалик бўлинмаларни жойлаштирганини эълон қилди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, у Исроил мудофаа кучларига Голан тепаликларининг Исроил томонидан босиб олинган қисмидан буфер зонага ва "яқин атрофдаги қўмондонлик позицияларига" киришни буюрган. "Биз ҳеч қандай душман кучларнинг чегарамизда назорат ўрнатишига йўл қўймаймиз", деди у.
Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси Сурия қўшинлари шанба куни бир қисми буфер зонада жойлашган Қунайтра вилоятидан чиқиб кетганини хабар қилди.
АҚШ Суриядаги ИШИД бўлинмаларига 75 бор ҳаво зарбаси берди. Вашингтон изоҳига кўра, бу чора уларнинг Суриядаги хаосдан фойдаланиб қолмаслиги учун қўлланилган.