Хоразмда турли мақсадлар учун 20 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилди
Урганч шаҳри, Ал-Хоразмий массивидаги янги уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш харажатлари учун 10 млрд сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши қарори билан 20,4 млрд сўм маблағ ажратилмоқда.
Ушбу пул вилоят тадбирларни мувофиқлаштирувчи комиссиясининг вилоят ҳокими билан келишилган ҳолда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар учун берилади.
Вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси Хоразм вилояти бюджетига ўзгартиришлар киритади.
Ажратилган пул қуйидаги мақсадларга сарфланади: 2024-2025 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа ходимларининг асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 4 млрд сўм, Янги йил байрамида вилоят кенгаши котибияти ходимларини рағбатлантириш учун 67,8 млн сўм, Тупроққалъа туманидаги кўп қаватли уйларда иссиқлик тизимлар ва қозонхона қуриш учун 4 млрд сўм, Урганч шаҳри, ал-Хоразмий массивидаги янги уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш харажатлари учун 10 млрд сўм, вилоят ҳокимлигининг "Расмий қабуллар уйи" муассасасидаги электр билан боғлиқ харажатлар учун 500 млн сўм ажратилади.
Аввалроқ Сирдарё ҳокими маблағ ажратиш бўйича бир кунда учта фармойиш чиқарганди.