platina.uz

Президент янги “Тошкент – Хўжакент” электропоездни кўздан кечирди

Поездда ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган, поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. 

Жамият
6 декабрь, 12:43
Президент янги “Тошкент – Хўжакент”  электропоездни кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоездни кўздан кечирди.

Давлат раҳбарининг ўтган йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятини трансформация қилинмоқда. Жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчи ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлади.

Поездлар парки ҳам кенгайтирилмоқда. Айниқса, йўловчи ташишда аҳоли ва туристларга қулайликлар оширилмоқда. Янги поездлар олиб келинди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга “Афросиёб” электропоездларининг қатновлари кўпайтирилди.

Ўтган даврда юртимизда 3 минг километрдан зиёд темир йўллар электрлаштирилди. Бухоро – Урганч –Хива темир йўл тармоқларини электрлаштириш якуний босқичда. Мискин – Нукус йўналишида жадал давом эттирилмоқда. Тошкент атрофида ҳам электрлашган йўл қурилиб, поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди.

Энди “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоезд қатновга қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу поездга чиқиб, ҳаракатланиши ва қулайликларини кўрди.

Вагонлар шинам ва ёруғ, йўловчилар учун қулай. Ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган. Поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. Ҳар бир тарафга кунига учтадан қатнов йўлга қўйилади.

Сафар чоғида давлатимиз раҳбари темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглади.

Тошкент ва Хожикент оралиғидаги темир йўлга туташ майдонларни 2025 йилги реновация дастурига киритиб, уларни тартибга келтиришга кўрсатма берилди. Йўналишдаги эгри қисмларни тўғри қилиб қайта қуриш орқали кунлик экспресс поездлар қатновини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш топширилди.

"Яшил макон" лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Темир йўл четларини кўкаламзорлаштириш, сув ресурслари чекланган ҳудудларда хорижий тажриба асосида қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш, чет элдан фақат маҳаллий иқлимимизга мос бўлган кўчатларни келтириш зарурлиги қайд этилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+