platina.uz

Хоразмдаги педофил амалдорлар АҚШ санкцияларига тушди

Улар меҳрибонлик уйидаги қизларга нисбатан жинсий зўрлик ишлатгани учун қамалганди.

Жамият
3 декабрь, 8:38
Хоразмдаги педофил амалдорлар АҚШ санкцияларига тушди

АҚШ молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий жиноятларда айбланган Ўзбекистоннинг собиқ амалдорларига қарши санкциялар эълон қилди. Санкциялар 2 декабр – Халқаро қулликка барҳам бериш кунида жорий этилди.

Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Анвар Курязов "одам савдоси ва гендер зўравонлик, жумладан, давлат меҳрибонлик уйидаги болаларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик"да айбланмоқда.

"Юлдуз Худайбергенова, Анвар Курязов ва Ойбек Машариповлар давлат хизматчиси бўлиб ишлаганларида мунтазам жисмоний ва жинсий зўравонлик, болалар савдоси билан шуғулланган. Худайбергенова давлат меҳрибонлик уйи директори бўлиб турган вақтида камида уч нафар вояга етмаган қизни камида 10 ой давомида пул ва мол эвазига олти эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. У уларнинг итоаткорлигини таъминлаш учун жисмоний зўравонлик, таҳдид, очлик ва изоляциядан фойдаланган. Машарипов ва Курязов меҳрибонлик уйи учун "совға" эвазига болалар билан жинсий алоқа қилишни талаб этган ва шу мақсадда муассасага мунтазам ташриф буюрган", дейилади хабарда.

Учаласи ҳам бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига масъул шахсларни нишонга оладиган глобал Магнитский қонуни санкциялари рўйхатига киритилди. Ушбу шахсларнинг АҚШда жойлашган ёки америкалик шахсларнинг назорати остидаги барча активлари ва мулкий манфаатлари музлатилади. Уларнинг улуши 50% ёки ундан юқори бўлган ҳар қандай компаниялар ҳам блокланиши мумкин.

Шу билан бирга, бу шахсларга АҚШ давлат департаменти томонидан виза чекловлари қўйилди.

Маълумот ўрнида, россиялик ҳуқуқ маслаҳатчиси Сергей Магнитский номи билан аталган қонун 2012 йилда унинг тергов изоляторидаги ўлимига алоқадор шахсларни жазолаш учун қабул қилинган. Тўрт йил ўтгач, қонун "глобал" мақомини олди ва АҚШга бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини бузувчилар ва коррупционерларга қарши виза ва молиявий чекловларни жорий этиш имконини берди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябр ойида жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Юлдуз Худайбергеновани 5,5 йилга, Анвар Курязов ва Ойбек Машариповни эса 1,5 йилга озодликдан чеклашга ҳукм қилганди.

Оммавий норозиликдан сўнг иш қайта кўриб чиқиш учун қайтарилган. Улар модданинг эски таҳририда назарда тутилган энг юқори жазони олиб, 3 йилга қамалган. Айбланувчиларга нисбатан қўлланган "гаров" тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоққа олинган.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган собиқ амалдорларга нисбатан қўйилган айбловлар тўғри сараланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, зўрлаш фактлари тасдиқланмаган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+