Эрон Яқин Шарқдаги таъсирини йўқотмоқда
Эрон режими ўн йиллаб ўз иттифоқчилари ва прокси-гуруҳларидан минтақада таъсирини мустаҳкамлаш учун фойдаланиб келган. Аммо энди бу ҳам фойда бермаяпти.

Яқин Шарқ мамлакатлари Доналд Трампнинг Оқ уйга яқин орада қайтиши арафасида Эрон таъсиридан қутулишга интиляпти.
Сабаби, АҚШ президенти Трамп Эрон билан савдони давом эттираётган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга божхона тарифлари ставкаларини ошириш имконини берувчи фармонни имзолади.
Эронни янада иҳоталовчи фармон
Трамп имзолаган ҳужжатда божхона тўловининг аниқ миқдори кўрсатилмаган, бироқ уни қўллаш тамойили баён этилган. Мисол тариқасида таъкидланишича, “ушбу фармон кучга кирган кундан бошлаб қўшимча адвалор божхона ставкаси – масалан, 25 фоиз – АҚШга импорт қилинадиган ва Эрондан ҳар қандай товар ёки хизматларни тўғридан-тўғри ёки билвосита сотиб олувчи, импорт қилувчи ёхуд бошқа йўллар билан қўлга киритувчи исталган мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга қўлланилиши мумкин”. Айнан шу – 25 фоизлик ставка ҳақида Трамп 12 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида ҳам ёзган эди.
Фармонда қайд этилишича, “президент Эронни ядровий имкониятларга эга бўлишга уриниш, терроризмни қўллаб-қувватлаш, баллистик ракеталар ишлаб чиқиш ва минтақани беқарорлаштириш учун жавобгар деб билади. Бу эса АҚШ хавфсизлиги, иттифоқчилари ва манфаатларига таҳдид солади”. Эрон ҳозирча Вашингтоннинг бу янги қадамига изоҳ бергани йўқ.
Ҳиндистон Россия ва Эрон нефтидан юз ўгирмоқда
Эрон экспортининг асосий моддаси ҳамон хом нефт бўлиб қолмоқда. Reuters агентлиги хабар беришича, Эрон нефт экспортининг тахминан 80 фоизи Хитойга йўналтирилмоқда. Шу билан бирга, Хитой божхона статистикасида 2022 йилдан буён Эрондан тўғридан-тўғри нефт етказиб беришлар қайд этилмаган. Таҳлилчилар бунга сабаб сифатида хомашё учинчи мамлакатларда қайта юкланиб, Малайзия ёки Индонезия нефти сифатида расмийлаштирилишини келтиришмоқда.
Трампнинг ўзи фармонни бевосита изоҳламади, аммо самолётда журналистлар билан суҳбатда Теҳронга нисбатан ўз позициясини яна бир бор такрорлади: “Ядровий қуролга йўл йўқ”.
Қолаверса, 1 феврал куни Доналд Трамп Ҳиндистон Венесуэла нефтини Эрон нефти ўрнига сотиб олишини назарда тутувчи келишув ҳақида эълон қилган эди. Шунингдек, у Хитойни ҳам ушбу келишувга қўшилишга таклиф этган.
The Wall Street Journal газетаси январ ойи охирида ёзишича, Эрон ўтган йили контрабанда ҳисобидан сўнгги йилларга нисбатан кўпроқ хом нефт экспорт қилган. Мақолада айтилишича, нефт асосан Хитойдаги кичик нефтни қайта ишлаш заводларига сотилган.
Яна бир иттифоқчи – Ироқ ҳам узоқлаша бошлади
Эрон Яқин Шарқдаги яна бир муҳим иттифоқчисини йўқотиши мумкин. Ироқ ҳукумати Теҳрон билан боғлиқ бўлган қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш бўйича чора-тадбирларни кучайтиряпти. Бу ҳаракатлар АҚШ президенти лавозимига Доналд Трампнинг қайтишидан кейин янада фаоллашди. У Эрон ва унинг прокси-кучларининг минтақадаги таъсирини қатъий чеклашга ваъда берган.
Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайннинг маълум қилишича, ҳукумат қуролли гуруҳлар билан музокаралар олиб бориб, уларни ихтиёрий равишда қурол ташлаш ёки расмий хавфсизлик кучлари таркибига интеграциялашга ундамоқда. Унинг таъкидлашича, Бағдоднинг асосий мақсади – қурол фақат давлат қўлида бўлишини таъминлашдир, шу сабабли Эрон назоратидаги қуролли тузилмаларнинг мавжудлиги номақбул ҳисобланади.
Ироқ ҳукумат органлари маълум даражада натижага ҳам эришган: бир неча йил олдин бундай ташаббусларни муҳокама қилишнинг ўзи деярли мумкин эмас эди. Айрим қуролли гуруҳлар, жумладан “Ан-Нажуба” билан тузилган келишувлар Исроилга қарши ўқ узишни тўхтатиш ва Суриядаги воқеаларга аралашмасликни назарда тутади.
Бу қадам Ироқнинг Эронга бўлган қарамлигини камайтириш, Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳамда ички ишларини бошқаришда мустақиллигини намоён этишга қаратилган стратегик ниятни акс эттиради.
Умуман, Трамп маъмурияти гарчи яна зарба беришни пайсалга солаётган бўлса-да, Эронга бўлган босимни тобора кучайтирмоқда. Бу эса Теҳроннинг минтақадаги таъсирининг муҳим воситаларидан бири йўқолишига олиб келиши мумкин. Халқаро босим ортиб бораётган шароитда Ироқ Эрон позициялари заифлашиши эҳтимоли юқори бўлган яна бир нуқтага айланяпти.
Агар Бағдод эронпараст қуролли гуруҳларни самарали тарзда қуролсизлантира олса, бу Теҳрон учун жиддий зарба бўлади. Чунки Эрон айнан шу тузилмалар – шиа жангарилари орқали Яқин Шарқдаги таъсирини кенгайтириб келган. Ироқ, ўз навбатида, мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ташқи босимлар хавфини камайтириш имконияга эга бўлади.
Эронлик амалдор ҳам тан олди
Эроннинг собиқ вице-президенти Ҳусейн Мараший Эрон минтақадаги таъсирининг сезиларли даражада заифлашаётганини очиқ тан олди. У ўз интервюсида мамлакат 1988 йилдаги ҳолатга қайтганини таъкидлади. Ўша пайтда Ироқ Эрондан стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Ал-Фао яриморолини тортиб олган эди. Ушбу яриморол Ироқнинг Форс кўрфазига чиқишини таъминлайди.
Марашийнинг сўзларига кўра, Эроннинг Яқин Шарқдаги мавқеини заифлаштирган бир қатор йўқотишлар мавжуд.
Илгари мамлакат қудрати рамзи ҳисобланган асосий “дастак”ларнинг йўқотилиши, Ливанда таъсирнинг йўқолиши, Суриядаги вазият устидан назоратнинг сусайиши, Ироқда позицияларнинг ёмонлашуви, Ямандаги хусийларга нисбатан босим кучайиб, уларга эндиликда тўлиқ таяниш имкони қолмагани шулар жумласидандир.
Бу баёнот ҳозирги воқеалар, халқаро жамият босими ҳамда Эроннинг ички муаммолари унинг геосиёсий интилишларига жиддий зарар етказаётганини кўрсатади.
Маълумки, Эрон режими ўн йиллаб ўз иттифоқчилари ва прокси-гуруҳларидан минтақада таъсирини мустаҳкамлаш учун фойдаланиб келган. Бироқ Ироқ, Ливан ва Сурия каби асосий мамлакатлардаги вазиятнинг ўзгариши ушбу стратегияни жиддий хавф остига қўяётгани қайд этилмоқда.
Мараший тарихий йўқотиш сифатида тилга олган Ал-Фао яримороли стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Унинг 1988 йилда йўқотилиши Эрон-Ироқ урушида Эрон учун энг оғир даврлардан бирини англатган эди.
Бугунги воқеаларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш кайфиятларнинг пайдо бўлаётгани Теҳрон дуч келаётган чақириқлар қанчалик жиддий эканини яна бир бор кўрсатади.
Абулфайз Сайидасқаров