Қорақалпоғистонда тадбиркор ва вазирлик ҳузуридаги муассаса мутахассисининг кирдикорлари ошкор бўлди
Тадбиркор Нукусдаги кўп қаватли уйлар оқова сув тармоқлари ва иншоотларни реконструкция қилиш баҳонасида 1 млрд 98 млн сўмлик шартнома тузишга эришган.
Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судида бир миллиард сўмдан ошиқ маблағни талон-торож қилган тадбиркор ва унинг шеригига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, "Talapshan qurilisshi" МЧЖ раҳбари ХХ Уй-жой ва коммунал хўжалик вазирлиги ҳузуридаги "Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси" давлат муассасаси Қорақалпоғистон бўлинмаси мутахассиси ХХХ билан тил бириктирган.
Тадбиркор Нукусдаги кўп қаватли уйлар оқова сув тармоқлари ва бош иншоотларни реконструкция қилиш баҳонасида 1 млрд 98 млн сўмлик шартнома тузишга эришиб, "Ўзсувтаъминот" мутахассиси билан бажарилмаган ишларни бажарилган дея кўрсатиб, режа тузган.
Улар жиноий режага асосан, бир гуруҳ бўлиб 1 млрд 687 млн сўмлик пудрат шартномасини расмийлаштиришга эришишган. Лекин шартномада кўрсатилгандек қурилмалардан фойдаланмай, эски қурилмаларни оқова сув тармоқларига улаб, ҳисоб-фактураларни ўз имзолари билан тасдиқлаб, тўловга тасдиқлаб МЧЖ ҳисобига 1 млрд 98 млн келиб тушишига эришганлар.
Судда тадбиркор ХХ ўз айбига иқрор бўлмаган, у пулларни талон-торож қилмаганини айтиб, енгиллик сўраган.
Лекин унинг айби далиллар, ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди.
Якуний суд ҳукмига кўра, судланувчи ХХ ЖКнинг 228-моддаси, 2-қисми, "б" банди билан ойлигининг 10 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари тайинланди. Унинг шериги ХХХга ҳам худди шу тарзда жазо (маошининг 10 фоизини ушлаб қолиш шарти билан икки йиллик аҳлоқ тузатиш ишлари) тайинланди.
Суд иши Олий суд очиқ порталидан олинди.