Суриядаги "уруш олови" қайтадан ёқилмоқдами? Сўнгги маълумотлар
Мамлакатда 2020 йил мартидаги келишувдан сўнг йирик фаол ҳарбий ҳаракатлар кузатилди. Дастлаб ҳукуматга мухолифлар ҳужумга ўтиб, мамлакатнинг йирик шаҳри бўлган Ҳалабга яқинлашди.
Сурияда мухолифат қўшинлари ва ҳукумат ўртасида жанговар ҳаракатлар қайтадан бошланди.
Мухолиф кучлар дастлаб кенг кўламли ҳужумга ўтиб, Алеппо шаҳри томон ҳаракатланган. Бу ҳақда 28 ноябр куни Haber Turk телеканали хабар берди.
"Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" гуруҳи жангарилари бошчилигидаги мухолифат гуруҳлари коалицияси бошчилигидаги операция давомида Башар ал-Ассад назорати остидаги Ҳалаб вилоятининг шимоли-ғарбидаги камида 34 та аҳоли пункти қўлга олинди", — дея хабар бермоқда журналистлар.
Журналистларнинг қайд этишича, қуруқликдаги операция натижасида аллақачон 132 киши ҳалок бўлган. Улар, шунингдек, бу "2020 йил март ойида эълон қилинган ўт очишни тўхтатишдан кейинги биринчи кенг кўламли ҳужум" эканини таъкидламоқда.
Сурия армияси мухолифат гуруҳлари ХТС (Ҳаят Таҳрир аш-Шом) назорати остидаги Ҳалаб шаҳри чеккасидан тахминан ўн километр масофага, шунингдек, шиаларнинг Ноубл ва Заҳра шаҳарларидан бир неча километр узоқликда олдинга ўтганини айтди. Бу ерда "Ҳизбуллоҳ" жангариларининг истеҳкомлари жойлашган.
Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида икки кун давом этган жангларда мухолиф гуруҳлар 400 квадрат километр майдонни назоратга олгани хабар қилинган.
Бунга жавобан Россия ҳарбий самолётлари Ҳалаб вилояти ғарбидаги Дарет Иззах ва Атариб ҳудудларига зарбалар берди. Ҳаво ҳужумлари натижасида 12 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 30 га яқин киши жароҳатланган. Кўплаб бинолар ва савдо объектлари ҳам зарар кўрди.
"Ҳаят Таҳрир аш-Шом"нинг айтишича, операция сўнгги ҳафталарда Россия ва Сурия ҳаво кучларининг Идлиб жанубидаги ҳудудларда тинч аҳолига қарши ҳужумларини кучайтирганига жавобан амалга оширилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, юзлаб оилалар Туркия чегарасидаги хавфсиз ҳудудларга қочиб кетган.
Суриядаги фуқаролар уруши 2011 йилда ҳукуматга қарши намойишлардан сўнг бошланган, норозилик иштирокчилари ислоҳотлар талаб қилди, намойишлар қуролли тўқнашувга айланган.
Мухолифат ортидан жангари гуруҳлар ҳам фуқаролар урушига киришди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ҳисоботига кўра, ўн йил ичида, 2021 йилга келиб, 306,8 минг тинч аҳоли тўғридан-тўғри жанговар ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлган, бу уруш бошидаги Сурия умумий аҳолисининг 1,5 фоизини ташкил қилган. БМТ эълон қилган рақамларга можарода ҳалок бўлган аскарлар ва исёнчилар киритилмаган – уларнинг сони ўн минглаб кишилар экани тахмин қилинмоқда.