Диёранинг кимоноси ва чемпион боксчилар қўлқопи аукционда сотилди
Тушган пуллар оққон ва онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
Тошкентда қишлоқ хўжалиги кўргазмаси доирасида ўтган хайрия кимошди савдосида 10 бош узум 30 млн, олимпиада қаҳрамонлари – Диёра Келдиёрованинг кимоноси 6 млн, боксчилар қўлқопи эса 26 млн сўмга сотилди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, тушган пуллар оққон ва онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
“Ўзэкспомарказ”да ўтказилаётган тадбирлар доирасида бемор болалар томонидан чизилган суратлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтган. Анъанага кўра суратларга нарх белгиланмаган, ташриф буюрувчилар истаган нархларида сотиб олишлари мумкин эди.
Бокс бўйича олимпиада чемпионларимиз имзолари туширилган қўлқопнинг баҳоси эса қаттиқ кураш жараёнида 26 млн сўмга қадар чиқди ва "Омонбой Фармонов" фермер хўжалиги раҳбари, самарқандлик Жўрабек Фармонов томонидан харид қилинди. У ва охиригача курашган фермер аёл олимпиадачимиз Баҳодир Жалолов билан тушлик қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди.
Ғолиб бемор болалар қўллаб-қувватланаётганидан хурсандлигини билдирган ва кимонони янаги савдоларга қўйиш учун “Сен кучлисан” жамоасига қайта ҳадя қилган.