Бюджетдан миллионларни ўзлаштирган тадбиркор 16,5 млн жарима билан қутулди
У Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдори билан тил бириктирган.
Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида бюджет пулларини ўзлаштирган тадбиркор иши кўриб чиқилди. Мазкур суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Судланувчи Р.С. "Х" масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлиб ишлаб келиб, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдори билан тил бириктирган.
У “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда ўзининг раҳбарлигидаги жамият ўртасида 2022 йил 27 апрелда 14.453.753.100 сўмлик пудрат шартномаси тузилгач, бажарилган қурилиш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилганида, лойиҳа-смета ва бажарилган ишлар юзасидан тузилган ҳужжатларга нисбатан жами 150.447.500 сўмлик, яъни 66.282.300 сўмлик ташқи ободонлаштириш, асфалт ётқизиш ва металл тўсиқ ўрнатиш ишлари ва 84.165.200 сўмлик бошқа қурилиш ишлари бажарилмаганлиги ҳамда 11.604.300 сўмлик сифатсиз ишларни қўшиб ёзган, натижада кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари Р.С. бажарилган ишлар юзасидан тузилган далолатнома (форма-3, форма-5)га ҳақиқатда бажарилмаган 150.447.500 сўмлик қурилиш ишлари ҳамда 11.604.300 сўмлик сифатсиз ишларни кўшиб ёзиб, расмий ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритиб, қалбакилаштирган.
Судда Р.С. айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг айблилиги бундан ташқари гувоҳлар кўрсатмаси ва далиллар билан ўз исботини топган. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 (эллик беш) баравари, яъни 16.500.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Жиноят оқибатида етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги ва фуқаровий даъвогарнинг судланувчига даъвоси йўқлиги инобатга олинган.