Тошкентда жамоат транспорти нархи яна ошиши кутиляпти
2025 йил 1 январдан кучга кириши белгиганган қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳри жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) йўл ҳақи 3 минг сўмга оширилиши мумкин.
Бу ҳақдаги ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Унга кўра:
- бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1700 сўм;
- бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 000 сўм;
- қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1600 сўм этиб белгиланади.
Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.
Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, йўлкира 2023 йил ноябрда 1400 сўмдан 2000 сўмгача оширилган эди.