“Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида спорт йўналишида очиқ мулоқот ўтказилди
25 ноябрь куни “Заковат арена” биносида ўтган мулоқотда таниқли спортчилар ва юзлаб ёшлар иштирок этди.

Ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, спортга бўлган қизиқишларини ошириш, янада руҳлантириш ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашишларига имкон яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган “Заковат арена”да ташкиллаштирилаётган навбатдаги очиқ мулоқот спортга бағишланди.
Тадбирда бир қатор профессионал спорт усталари, хусусан, 2024 йилги Париж Олимпиадаси бронза медали совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Музаффарбек Тўрабоев, 2020 йилги Токио Олимпиадаси ғолиби, Олимпиада рекордчиси, 2024 йилги Париж Олимпиадаси кумуш медали совриндори, оғир атлетикачи Акбар Жўраев, киберспортчи блогер Шоҳруз Назаров, шунингдек, таниқли спорт журналисти Ҳилола Исоқова каби спикерлар иштирок этди ва ёшларни спорт билан шуғулланишнинг фойдали жиҳатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берди ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Очиқ мулоқот якунида ёшларни соҳа бўйича қизиқтирган саволларига спикерлар атрофлича жавоб берди ҳамда керакли маслаҳатлар улашди.




