Интеллектуал юморга қизиқувчи ёшлар учун очиқ мулоқот ўтказилди
“Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида “Stand Up” йўналиши бўйича маҳоратли сўз усталари ва юзлаб ёшлар иштирок этишди.

Ўзбек санъатида ҳазилларни янги шаклда ижро этиш - “Stand Up” жанри жадал ривожланиб бормоқда. Бу жанр эса халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди, олқишланди ва эндиликда тобора бу жанрга қизиқувчи ёшлар сафи ортиб бормоқда.
Ана шундай ёшларга ёрдам бериш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган “Заковат арена”да “Stand Up” йўналиши бўйича очиқ мулоқот ташкил қилинди. Унда бир гуруҳ сўз усталари ва беш юздан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида нафақат маҳоратли санъаткорлар ёшларга юморга бой чиқишлар билан кайфият улашди, балки сўз усталигига қизиққан ҳаваскор ёшлар ҳам ўз имкониятларини саҳнада синовдан ўтказди. Бу орқали ҳаваскор ёшлар маҳоратли санъаткорлардан маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлди.




