Ёш ўқитувчи ва олимлар кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтди
“Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида ёш ўқитувчи ва олимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтдаги ёшлар марказида ойлик доирасида Тошкент шаҳар ёш ўқитувчи ва олимлар кенгашининг 1-таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Илк бора ташкил этилган кенгаш йиғилишида 500 нафардан зиёд мактаблар, профессионал ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ёш ўқитувчилар, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда таянч докторантлар қатнашди.



Тадбирдан кўзланган мақсад — ёшларнинг илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, уларнинг илмий ғоя ва ташаббусларини юзага чиқариш ҳамда фаолиятларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Йиғилишда “Ёш ўқитувчи ва олимлар кенгаши” тузилиб, бошқарув раиси этиб иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, ёш олим, Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси Шоҳрух Боймуродов сайланди.



Шунингдек, кенгашнинг 2025 йилга мўлжалланган иш режа ва дастур лойиҳалари кўриб чиқилди.




