platina.uz

Шавкат Мирзиёев Бокуда муҳим учрашувлар ўтказди

Президент Озарбайжон пойтахтида ўтган иқлим бўйича саммит доирасида Финляндия ва Черногория раҳбарлари,  Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти, Ислом тараққиёт банки бошлиғи ва бошқа арбоблар билан кўришди.  

Сиёсат
13 ноябрь, 8:57
Шавкат Мирзиёев Бокуда муҳим учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябр куни Боку шаҳрида ўтган иқлим бўйича саммит доирасида бир қатор арбоблар билан учрашди.

Жумладан президент Европа кенгаши Раиси Шарль Мишель билан учрашди.

Мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни тез фурсатда қабул қилиш, шунингдек, "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финляндия Президенти Александр Стубб билан учрашув ўтказди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Финландия ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Фаол сиёсий ва парламентлараро алоқалар мамнуният билан қайд этилди.

Янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун металлургия, электротехника, кимё, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Шу маънода, 2025 йил январь ойида Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Таълим ва экология соҳасидаги алмашинувларни мустаҳкамлаш, шу жумладан БМТнинг Оролбўйи учун Траст жамғармаси фаолиятида Финляндиянинг фаол иштирок этиши истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Черногория Президенти Яков Милатович билан учрашув ўтказди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича асосий битимлар тайёрланади, устувор йўналишларда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир "йўл харитаси" ишлаб чиқилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

12 ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган COP29 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Ушбу нуфузли халқаро молия институти билан кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Банкнинг мамлакатимизга инвестициялари 5 миллиард евродан ошгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақамиздаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади.

ЕТТБнинг фаол иштирокида банк секторини хусусийлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, инвестициялар ва ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон ва EТТБ ўртасидаги ҳамкорлик стратегиясини амалга ошириш ва уни янада бойитиш муҳимлиги таъкидланди. Энергетика самарадорлиги, кичик ва ўрта бизнес, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмада давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, шунингдек, "яшил" шаҳарларни ривожлантириш соҳаларида янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Келгуси йилда Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш ва ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашди.

Ушбу етакчи халқаро молиявий институт билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Ислом тараққиёт банки билан шериклик жадал ривожланиб бораётганини юқори баҳолади. Жорий йилнинг март ойида Тошкентда ислом дунёсининг етакчи молия институтлари иштирокида банк раҳбарлигидаги Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.

ИТБ билан лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди, уларнинг 40 фоизи хусусий секторга тўғри келмоқда.

Банк иштирокида ташкил этилган Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма жамғарма капитали изчил шакллантирилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, тадбиркорлик, экология соҳаларида янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий инвестицияларни сафарбар этиш, банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуэртени қабул қилди.

Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Жамғарма томонидан Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари салоҳиятини ривожлантириш ва миллий мослашув режаларини ишлаб чиқишга кўмак кўрсатилаётгани юқори баҳоланди.

Ҳозирги кунда қўшма лойиҳалар портфели 160 миллион долларни ташкил этиб, сув ресурсларини бошқариш, "яшил" энергетикани ривожлантириш, "яшил" молиялаштириш ва бошқа бир қатор устувор йўналишларни қамраб олган. Бундан ташқари, 5 миллиард долларлик иккита минтақавий ва 500 миллион долларлик учта миллий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Инновацион кўкаламзорлаштириш ва ерларни барқарор бошқариш, Оролбўйидаги ижтимоий-экологик вазиятни яхшилаш дастурларини амалга ошириш орқали шерикликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бокудаги иқлим саммити доирасида Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма гуманитар лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

ICESCO билан ҳамкорлик бўйича миллий комиссияни тезроқ тузиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Тони Блэр раҳбарлик қилаётган Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Собиқ бош вазир Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юксак баҳолаб, уларни амалга оширишда эксперт-маслаҳат кўмагини таклиф этишга тайёрлигини билдирди.

Институт билан биргаликда транспорт йўлакларини ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш, халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, инвестиция сиёсати самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Шерикликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш учун тегишли идоралар экспертлари даражасида қўшимча учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+