Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Саудия Арабистонига борди
Президент навбатдан ташқари араб-ислом саммити доирасида Саудия энергетика ва инвестиция вазирлари билан учрашди. Ўзбекистонда "яшил" водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни амалий ташриф билан Ар-Риёд шаҳрига келди.
Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Ар-Риёд вилояти раҳбарияти – шаҳзода Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Абдулазиз ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Бугун Ўзбекистон етакчиси навбатдан ташқари Араб-ислом саммитида иштирок этади.
Тадбир кун тартибига мувофиқ, Ғазо ва Ливандаги кескинликни тез фурсатда камайтириш, можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш масалалари кўриб чиқилади.
Жумладан, Мирзиёев 11 ноябрь куни Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилди.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва "яшил" энергетика соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон энергетика соҳасини тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологиялар асосида модернизация қилишда фаол иштирок этаётган етакчи "ACWA Power" компанияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Мамлакатимиз ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, "яшил" водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва корхоналар энергия самарадорлигини ошириш жараёнларига Саудия Арабистони компаниялари ва маслаҳатчиларини жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.
Президент Ар-Риёд шаҳрига амалий ташриф доирасида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди.
Олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, кооперация кўлами ва авиақатновлар сони ортиб бормоқда.
Жорий йил якуни билан Ўзбекистонга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.
"Яшил" энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иссиқлик ва сув таъминоти, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилди.




