Ўзбекистонлик ўқитувчи уч йилда қарийб 1 млрд сўм мукофотни қўлга киритди
23 ёшли кимё фани ўқитувчиси Моҳира Болтаеванинг шогирдлари кетма-кет уч бора халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган.

Ўзбекистонлик ўқитувчи кетма-кет уч йилда халқаро олимпиадаларга совриндор ўқувчилар чиқаргани учун қарийб бир миллиард сўм олди.
Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 23 ёшли кимё фани ўқитувчиси Моҳира Болтаева тайёрлаган ўқувчиларнинг 10 га яқини минтақавий олимпиадаларда, 3 нафари эса нуфузли халқаро олимпиадаларда ғалабаларга эришди. Жорий йилнинг ўзида у 400 млн сўмга яқин маблағни мукофот сифатида олди.
Жумладан, Болтаева бу йил энг нуфузли халқаро олимпиадалардаги ютуқлар учун — 318 750 000 сўм;
- умумий ҳисобда энг катта маблағ — 378 750 000 сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги 346-сон Қарорига кўра, энг нуфузли ва минтақавий халқаро олимпиадалар ғолибларининг устозлари пул мукофотларини қўлга киритиши белгиланган.
Жами бўлиб 3 йил кетма-кет медалист ўқувчилар чиқаргани учун унга қарийб 1 млрд сўм берилди (2022 йилда 250 млн, 2023 йилда 350 млн, 2024 йилда 400 млнга яқин).
