Термиз тумани тиббиёт бирлашмасининг икки ҳисобчиси йирик маблағни талон-торож қилгани аниқланди
Улар ишчи-ходимларга ортиқча миқдорда ва асоссиз равишда иш ҳақи ёзиб, бюджет маблағларини ўзлаштиришган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида икки собиқ ҳисобчига нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи У.С Термиз туман тиббиёт бирлашмаси иш ҳақи ҳисобчиси бўлгани ҳолда белгиланган тақсимот асосида “Узасбо” дастурий мажмуасида ўзига бириктирилган тиббиёт муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳисобини юритиб келган. У “Узасбо” дастурий мажмуасига сохта ёзув ва маълумотлар киритиб, ходимларга солиқ ва бошқа мажбурий ушланмалардан ташқари ҳаммаси бўлиб 78 та ҳолатда 116 млн 567 минг 799 сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни асоссиз ва ортиқча тўлаб бериб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Унинг ҳамкасби Д.М эса ходимларга ҳаммаси бўлиб 40 та ҳолатда 49 млн 614 минг 33 сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни асоссиз ва ортиқча тўлаб бериб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Судда ҳар иккала судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Якуний ҳукмга кўра, ҳар икки айбланувчи ЖКнинг 209- моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик ҳақидаги жиноят иши ЖКнинг 64-моддасининг “а” бандига асосан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги мунособати билан айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан тугатилди.
Шунингдек, У.С.га тайинланган жазонинг 1 ой 15 куни чегириб ташланиб, ўташ учун 1 йил 4 ой 15 кун ахлоқ тузатиш ишлари қолдирилди. Д.Мга эса мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан марҳум қилган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Иш бўйича етказилган зарарлар тўлиқ қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.