Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб қайта тасдиқланди
Депутат Чориев Абдураим Равшанович халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси этиб сайланди.
Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Бугун Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг VII чақириқ, биринчи сессияси ўтказилди.
Сессияда 14-Алпомиш сайлов округидан сайланган депутат Чориев Абдураим Равшанович халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси этиб сайланди.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Маслаҳатлашувда Президент томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига Улуғбек Қосимов номзоди кўрсатилганлиги билдирилди.
Номзод бўйича партиялар гуруҳлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Номзод депутатларга вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган ўз дастурини тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ҳамда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VII чақириқ биринчи сессияси қарори билан Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзоди Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқланди.
Аввал Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокимлигига тасдиқланганди.