platina.uz

Тошкент вилоятида солиқчи, МИБ ва божхона ходимлари ушланди

Қибрайда МИБ ходими фуқаронинг хатловга олинган мол-мулкини аукционга чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган. “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси ҳам 300 доллар билан қўлга тушди. 

Жамият
5 ноябрь, 16:16
Тошкент вилоятида солиқчи, МИБ ва божхона ходимлари ушланди

ДХХ томонидан Тошкент вилоятида МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди.

Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилоятида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилган.

Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдоларга чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 2 минг АҚШ доллари олади.

Лекин, давлат ижрочиси қолган 3 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда давлат ижрочисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зангиота туманида кузатилган ҳолатда, туман солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Кейинги ҳолатда эса Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан мамлакатимизга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликни судда кўриб чиқилиши жараёнида мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб бериш ва ушбу товарларни Ўзбекистондан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 АҚШ доллари олганлиги ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+