platina.uz

Пентагон Россия ҳудудидаги КХДР аскарлари сонини маълум қилди

Шимолий Кореядан борган аскарлари сони 12 минггача етади, уларнинг катта қисми урушнинг энг қайноқ нуқталаридан бири бўлган Курск вилоятида жойлашгани айтилмоқда. 

Жаҳон
5 ноябрь, 14:40
Пентагон Россия ҳудудидаги КХДР аскарлари сонини маълум қилди

Шимолий Кореядан 11 мингдан 12 минггача ҳарбий хизматчи Россияга етиб борган, улардан камида 10 минг нафари Курск вилоятида бўлиб турибди, деди 4 ноябр куни бўлиб ўтган брифингда Пентагон матбуот котиби генерал-майор Пэт Райдер.

Унинг нутқи департаментнинг Youtube`даги каналида эфирга узатилди, деб ёзади Forbes.

Райдернинг айтишича, Пентагонда уларнинг жангга киргани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо Мудофаа вазирлиги улар тез орада Украина кучларини қонуний ҳарбий нишонга айлантира олишини кутмоқда.

Бир кун олдин Украина президенти Владимир Зеленский ҳам разведка маълумотларига асосланиб, Россияда Шимолий Кореянинг 11 минг аскари борлигини эълон қилди, улар урушнинг қизғин нуқталаридан бири бўлган Курск вилоятида жойлашган.

Расмий Москва Шимолий Корея қўшинлари Россияда борлигини инкор этмайди, бироқ улардан қандай фойдаланишни режалаштираётгани ҳақида гапирмайди. Ғарб Шимолий Корея ҳарбийларининг иштирокини Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг авж олиши деб ҳисобламоқда.

Шунингдек, ОАВда Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги келишув тафсилотлари маълум бўлди. Унга кўра, Россия КХДРга аскарлар эвазига 600 минг тонна гуруч бериш мажбуриятини олган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+