Савдо шохобчаларида сотилаётган сифатсиз маҳсулотлар юзасидан чора кўрилди
Самарқандда АИ-80 маркали автобензин сифатсиз деб топилган, Сурхондарёда сотилаётган ош тузида йод кўрсаткичи талабга жавоб бермаслиги аниқланди.
Рақобат қўмитаси бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакат аҳолисини асосий турдаги истеъмол товарлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига асосан мунтазам равишда назорат хариди тадбирларини ташкил этиб бормоқда.
Сурхондарё вилояти мисолида ҳудудий бошқарма томонидан 2024 йил 9 ойи давомида 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва салқин ичимликлар бўйича вилоят Санитария ва осойишталик маркази ҳамда Техник жихатдан назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилди.
Синов натижалари “Oygul” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган 700 гр қадоқдаги биринчи навли ош тузи йод элементи кўрсатгичи бўйича амалдаги (Сан ҚМ №0366-2019 йил) меъёрий ҳужжат талабига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Мазкур биринчи навли ош тузларнинг 230 кг қолдиғини савдо расталаридан олиб ташланди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ЯТТ “Муҳиддинова Феруза”га камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Сирдарё вилоятида ҳудудий бошқарма томонидан газли салқин ичимликлар (жумладан, энергетик ичимлик), болалар шарбати, электрон сигарет, ун маҳсулоти ҳамда антиперспирант маҳсулотлари бўйича назорат хариди тадбири ўтказилди. Лаборатория таҳлилларида деярли барча маҳсулотларнинг сифат ва қадоқлаш кўрсаткичлари белгиланган норматив ҳужжатларга мослиги, аммо “BOYOVUT MAX PROFIT” МЧЖ (Ўзбекистон Республикаси) томонидан 25 кг миқдорда пропилен қопларда қадоқланган ун маҳсулоти тамғаланишида қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
"Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида"ги умумий техник регламентининг 8 ва 58-банди талабларига номувофиқ эканлиги маълум бўлди. Шунга асосан ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқарувчига хат юборилди.
Самарқанд вилоятида ҳудудий бошқарма томонидан АЁҚШдан АИ-80 ва АИ-92 русумли автобензин маҳсулотининг назорат хариди ўтказилди. Олинган намуналар “O‘ZENERGOINSPEKSIYA” Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси орқали текшириш ўказилганда, АИ-80 маркали автобензин сифатсиз деб топилди.
Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Xoji Axmad Bobo” МЧЖ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Истеъмолчиларга 693 литр АИ-80 маркали сифатсиз автобензинни сотганлиги сабабли 5,1 млн сўм миқдорида истеъмолчиларга зарар етказилган деб топилди. Ушбу субъектга қонунда белгиланган таъсир чоралари қўлланилди.
Наманганда ҳудудий бошқарма томонидан Наманган шаҳридаги “Сардоба” бозорида назорат харидлари учун пахта ёғи ва колбаса маҳсулотлари намуналар сотиб олинди ва “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси (Uztest DM)га юборилди.
Лаборатория натижаларида “Aziya gold” пахта ёғи “Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент талабларида белгиланган рангда эмаслиги аниқланди.
Шунингдек, “Chimkentskaya” колбаса махсулоти “Озиқ–овқат махсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент асосида ёрлиқланмаганлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “ALI ABDULLO BRAND” МЧЖ сифатсиз пахта ёғини сотиб, 4 млн сўмга яқин асоссиз даромад олгани ҳамда “ANKABUD SANOAT SAVDO” МЧЖ тамғаланиши амалдаги меъёрий ҳужжатларга номувофиқ бўлган колбаса маҳсулотини сотиб 3 млн сўмга яқин асоссиз даромад олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-11-13-20-моддалари талабларини бузган деб топилиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан тадбиркорлик субъектларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Навоий вилоятида ҳудудий бошқарма томонидан Навоий шаҳридаги деҳқон бозоридан “Бекажон” олий навли пахта ёғи ҳамда “Black Garlic shampun” соч ювиш воситасидан тегишли тартибда намуналар харид қилиниб, лаборатория синовларидан ўтказилди.
Маҳсулотлар “Ўзбекистон илмий ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси “UzTest” синов лабораторияси томонидан ўтказилган таҳлилларда “Zamin agro oil” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Bekajon” олий навли икки литрлик идишда қадоқланган пахта ёғида ранги қизиллик даражаси ошиб кетганлиги аниқланган. Ушбу маҳсулотни истеъмолга яроқлилиги ёки яроқсизлиги бўйича текширув ўтказиш юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Навоий вилояти бўлимига юборилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Жиззах вилояти бўлими билан ҳамкорликда Жиззах шаҳар “Марказий деҳқон бозори” АЖ ҳудудидаги савдо расталаридан 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг назорат хариди ўтказилди.
Жумладан, ЯТТ “R.Y.O” томонидан сотилаётган ош тузларининг яроқлилик муддати 12 ой этиб белгиланган бўлса-да, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, “UZ TEST” маркази хулосаларига кўра, 2 турдаги туз маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланди. Мазкур сифатсиз маҳсулотлар қонунчиликда белгиланган тартибда савдодан олинди ва чора кўриш юзасидан ваколатли орган Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Жиззах вилояти бўлимига ҳужжатлар тақдим этилди.
Шунингдек, “UZ TEST” марказига топширилган бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган колбаса, газли “Морс” ва болалар яхна ичимликлари ва “Musaffo” йогурт маҳсулотлари сифати ва таркиби Давлат стандарти талабларига мос келди.
Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “O‘zenergoinspeksiya” вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда бензин маҳсулотининг сифати ва нархини барқарорлаштириш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида назорат хариди ўтказилди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад АЁҚШда сотилаётган АИ-80 русумли бензиннинг чакана савдода асоссиз юқори нархларда сотилиши, маҳсулотнинг сифати ҳамда ноқонуний сотилишининг олдини олишга қаратилган.
Бугунги кунда савдода бўлган ҳамда истеъмолчиларга тақдим қилинаётган автобензин маҳсулотидан белгиланган тартибда намуналар олинди ва сифат таҳлилларини ўтказиш учун кимё-назорат лабораторияларига юборилди.
Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг август-сентябрь ойлари давомида 8 та (болалар учун салқин ичимлик маҳсулотлари (3 турдаги), идиш ювиш гел маҳсулотлари (3 турдаги), болалар учун озуқалар ва қандолат маҳсулотлари бўйича назорат хариди ўтказилди.
Жумладан, “Asl Choy”, “Severon” va “Aqlvoy” салқин ичимлик маҳсулотлари “UzTest” ДМдан синовдан ўтганда микробиологик кўрсаткичлар талабларига кўра номувофиқ деб топилган.
Шунингдек, “Woom” идиш ювиш воситаси маҳсулотлари бўйича Фарғона филиали синов лабораторияси берган таҳлилига кўра, водород ионларининг кўрсаткичлари бўйича номувофиқ деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан мазкур тўртта ишлаб чиқарувчи корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-6-11-12-20-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди ҳамда корхоналарга нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Сифатсиз маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши тўхтатилди.
Маълумот ўрнида. “Болалар озуқалари” ва қандолат маҳсулотлари маҳсулотлар намуналари бўйича лаборатория таҳлил ишлари давом этмоқда.