Сурхондарёда иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланади
Туман ва шаҳар ҳокимликлари 31 октябрдан ижтимоий объектлар ва коммунал соҳа корхоналарида куну-тун ишловчи штаблар ташкил этишади.
Сурхондарё вилоятида аҳоли тураржойлари ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик таъминоти бериш 1 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда ҳоким Улуғбек Қосимовнинг фармойиши эълон қилинди.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари 31 октябрдан ижтимоий объектлар ва коммунал соҳа корхоналарида куну-тун ишловчи штаб ташкил қилади. Газ, электр ва сувга масъул ташкилотлар ҳокимликлар билан авариявий хизматлар ташкил этиб, уни техникалар билан таъминлайди.
"Темирйўлёнилғитаъмин” бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда ижтимоий соҳа муассасаларига ҳамда вилоят аҳолисига 2024 йил 1 декабрга қадар ажратилган кўмир маҳсулотларининг тўлиқ етказиб берилишини таъминлаши топширилди.
Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари А.Амиров зиммасига юкланган.