platina.uz

Бахшичилик мактаби ҳисобчиси катта маблағни талон-торож қилгани аниқланди

У қариндошини мавсумий ўт ёқувчи вазифасига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқартиришга эришиб, тўрт йил давомида унга ва ўзига асоссиз равишда иш ҳақи ёзиб келган. 

Жамият
23 октябрь, 16:01
Бахшичилик мактаби ҳисобчиси катта маблағни талон-торож қилгани аниқланди

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида катта миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланган ҳисобчига нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Айбланувчи Б.Т. Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернати бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган. У ваколатидан фойдаланиб, қариндоши М.А.ни гўёки мактаб-интернати ишлаши ҳақида электрон дастурга киритиш, унга ойлик иш ҳақи ёзиш, келгусида ойлик иш ҳақларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатишни режа қилиб, мактаб интернати директори билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Натижада М.А.ни мавсумий ўт ёқувчи вазифасига қабул қилиш тўғрисида 2021 йил 15 ноябрдан 2022 йил 15 мартга қадар буйруқ чиқариб олган. Сўнгра аслида ишламаган бўлса-да, “UZASBO” электрон дастурига сохта маълумотлар киритиб, 2021, 2022, 2023 ҳамда 2024 йиллар давомида амалда бажарилмаган иш учун асоссиз равишда ўзига ва қариндоши М.А.га иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларни ёзиб, жами 59 та ҳолатда 274.054.500 сўмлик пул маблағларини ўтказиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Судланувчи Б.Т.нинг айби, судда ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, судда сўралган фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатуви, ҳужжатли тафтиш далолатномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа ҳужжатлар билан исботланди.

Якуний суд ҳукмига кўра, судланувчига ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Етказилган 274 млн сўмдан ошиқ зарар давлат бюджетига қайтарилиши белгиланган.

Суд иши Олий суд очиқ порталидан олинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+