"Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаси ҳисобчисига ҳукм ўқилди
У раҳбар ва ходимларга асоссиз равишда устамалар ёзиб, салкам 400 млн сўмни талон-торож қилган.

Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида собиқ ҳисобчига нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, С.Я. Арнасой туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келган. У мансабдор шахс бўла туриб, ноқонуний равишда муассаса ходимларига устама ёзиб, жами 392.041.900 сўм жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Судланувчи С.Я. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. С.Я. судда ўз қилмишига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, унинг айби гувоҳлар кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан исботини топди.
Якуний ҳукмга кўра, судланувчи С.Я. ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.