Ойбек Элмуратов Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди
У шу вақтга қадар Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётганди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ Элмуратов Ойбек Умурзакович Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Ойбек Элмуратов 1999 йилда Тошкент молия институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Ўзмиллийбанк” Лойиҳани молиялаштириш маркази мутахассиси сифатида бошлаган.
Кейинчалик Молия вазирлигида бўлим бошлиғи ўринбосари, ушбу вазирликнинг Йўл жамғармаси бошлиғи ўринбосари, БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа менежери, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси департаменти бошлиғи, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бошқарма бошлиғи каби қатор масъул вазифаларда меҳнат қилган.
Ойбек Элмуратов тайинловга қадар Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.