platina.uz

Сергелидаги портлаш айбдорларига жазо эълон қилинди

Ҳодиса оқибатида 163 киши жабрланган, бир киши эса вафот этганди. 4 нафар судланувчининг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Жамият
12 октябрь, 12:55
Сергелидаги портлаш айбдорларига жазо эълон қилинди

Ўтган йили сентябр ойида содир бўлган, Тошкентнинг Сергели туманидаги портлаш айбдорларига ҳукм ўқилди.

"Қурувчилар" даҳасида 2023 йилнинг сентябр ойида содир бўлган портлаш воқеасида айбдор деб топилганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "Дарё" нашри хабар берди.

2023 йилнинг 28-сентябр куни тунда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш ва ёнғин содир бўлганди. Жабрланганларнинг умумий сони 163 нафар бўлиб, бир нафар ўсмир ҳодиса оқибатида вафот этган. Кўп ўтмай мазкур иш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси ахбороти эълон қилинди ва 4 киши қамоққа олингани айтилди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур иш кўриб чиқилиб, 4 нафар судланувчининг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмига кўра, Inter Logistics МЧЖ директори Ф.С. Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан айбли деб топилиб, икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

МЧЖ қўриқлаш (ҳарбийлашган, ёнғиндан сақланиш, қоровуллик) бошлиғи Ф.А. ҳам Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан айбли деб топилиб, у ҳам шу модда билан икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан, шунингдек, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Polychem МЧЖ директори С.Б. ва омбор мудири Н.К. ҳам Жиноят кодексининг айнан шу моддалари билан айбли деб топилиб, уларга ҳам 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкумлар тайинланган жазони манзил колонияда ўташи белгиланди.

Жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга Inter Logistics МЧЖ ва Polychem МЧЖдан 282 миллиард сўм маблағ солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+