Сергелидаги портлаш оқибатида қанча зарар кўрилгани очиқланди
Аввалроқ, портлаш сабаб 4 киши қамоққа олингани маълум бўлганди.
28 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Сергели туманида жойлашган “Interlogistics” МЧЖ ҳудудидаги омборхонада содир бўлган ёнғин ва портлаш зарари 14,5 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ҳукумат комиссияси маълумотида айтилади.
Фавқулодда вазият оқибатида умумий жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Жароҳат олганларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилиб, уларга тегишли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган 138 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланиб, уйига руҳсат берилган.
Аҳолининг муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида “1205” қисқа рақамли “Call-centеr” ташкил этилди. Марказга 450 дан ортиқ мурожаат келиб тушган ва барчаси ижобий ҳал қилинган.
400 та эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди ҳамда уларнинг 100 нафар вояга етмаган фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилди, дейилади хабарда.
Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган.
Аввалроқ, портлаш сабаб 4 киши қамоққа олингани маълум қилинганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етганини очиқлаганди.