Украина собиқ прокурори "500 мингга яқин йўқотишлар" ҳақида гапирди
Унинг айтишича, "халқ ҳақиқатни билиши керак".
Украина собиқ бош прокурори Юрий Луценконинг айтишича, мамлакат уруш бошидан бери 500 мингга яқин аскаридан айрилган (яраланган ва майиб-мажруҳларни ҳам қўшганда).
Бу ҳақда у “Прямой” телеканали эфирида маълум қилган.
Луценконинг таъкидлашича, агар у эълон қилган йўқотишлар сонини ойларга бўладиган бўлсак, Украина Қуролли кучлари ҳар ой 30 минг кишини йўқотаётган бўлади.
“Шунда биз фронтда нима бўлаётганини тахминан тушунамиз. Булар ҳалок бўлганлар ва оғир яраланганларнинг реал рақамларидир. Одамларга ҳақиқатни айтиш керак, ишончим комилки, украиналиклар ҳақиқатни билишга лойиқ”, — дейди Украина собиқ бош прокурори.
Луценконинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати Қуролли кучлар сафига ҳали қўшилмаган украиналикларни “комфорт зонаси”дан олиб чиқиш учун йўқотишлар ҳақида реал маълумотларни тақдим этиши керак. Собиқ бош прокурорнинг фикрича, бу орқали фуқаролар сафарбарликдан қочмасликка ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳам, Украина ҳам уруш бошидан бери ўз йўқотишлари ҳақида аниқ рақамларни тақдим этмай келади. Economist нашри аввалроқ Украина 190 минг кишигача аскар йўқотгани ҳақида ёзган. Украина эса Россия 350 мингдан ошиқ аскар йўқотганини айтиб келади.
Бундан ташқари Россия ўз армиясини хорижликлар ҳисобига тўлдирмоқчи бўлгани маълум қилинганди.