platina.uz
Мақола

Танклар энди керак эмасми? Дронлар уларнинг ўрнини боса оладими?

2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Украина Ғарб танкларини олишга қатъий интилди. Leopard, Challenger ва Abrams танкларининг етказиб берилиши Украина армиясини кучайтиришнинг муҳим омили сифатида кўрилди. Аммо Ғарб техникаси бир йилга кечикди - 2023 йилда фронтга етиб келган вақтга келиб, жанг майдони сезиларли даражада ўзгариб бўлган эди.

Танклар энди керак эмасми? Дронлар уларнинг ўрнини боса оладими?

Украинадаги уруш бир неча йил аввал ёрдамчи восита сифатида қаралган ҳарбий технологиялар учун ҳақиқий синов майдонига айланди. Учувчисиз парвоз аппаратлари - дронлар разведка ва ўт очишни тузатиш воситасидан жанговор ҳаракатларнинг марказий элементларидан бирига айланди. Шу сабабли Украина уруши доирасидан ҳам четга чиқувчи савол пайдо бўлмоқда: танклар даври якунланяптими ва нисбатан арзон учувчисиз тизимлар миллионлаб долларлик жанговор машиналарнинг ўрнини боса оладими?

The New York Times газетасининг ёзишича, Украинага берилган Ғарб танклари, жумладан, Германиянинг Leopard танклари, ҳозир фронтдаги бевосита жангларда анча кам ишлатилмоқда. Кўплаб машиналар яширилган жойларда сақланмоқда, техник хизматдан ўтказилмоқда ёки захирада турибди. Бунинг асосий сабабларидан бири — фронтнинг дронлар билан ҳаддан ташқари тўйиниши ва катта бронетехниканинг янада заифлашганидир.

Бироқ бундан «танклар энди керак эмас» деган хулосага келиш ҳали эрта. Аслида ўзгараётган нарса танкнинг мавжудлиги эмас, балки унинг жанг майдонидаги роли ва ундан фойдаланиш моделидир.

Қуруқликдаги қудрат рамзидан – ўта қиммат нишонгача

2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Украина Ғарб танкларини олишга қатъий интилди. Leopard, Challenger ва Abrams танкларининг етказиб берилиши Украина армиясини кучайтиришнинг муҳим омили сифатида кўрилди. Аммо Ғарб техникаси бир йилга кечикди - 2023 йилда фронтга етиб келган вақтга келиб, жанг майдони сезиларли даражада ўзгариб бўлган эди.

Дронлар кенг тарқалди. Разведка аппаратлари техника ҳаракатини тез аниқлаш имкониятига эга бўлди. Кейинчалик кўплаб FPV-зарбадор дронлар пайдо бўлди. Натижада танк доимий кузатув остидаги маконда ҳаракат қиладиган техникага айланди.

Бу уруш иқтисодиётини ҳам ўзгартирди. Мураккаб зирҳли машинанинг қиймати миллионлаб доллар билан ўлчанса, унга таҳдид солувчи учувчисиз тизим анча арзон бўлиши мумкин. Натижада бир томон қиммат платформани нисбатан арзон восита билан хавф остига қўйиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун муаммо фақат танк зирҳининг мустаҳкамлигида эмас. Агар танкни аниқлаш, кузатиш ва унга зарба бериш эҳтимоли ошса, унинг жанговор самарадорлиги пасаяди.

Буюк Британиянинг Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти (RUSI) таҳлилига кўра, Украинадаги бронетехникадан кенг кўламли фойдаланиш сезиларли даражада камайган. Институт келтирган маълумотларга кўра, 2025 йил августида Украина разведкаси фронт чизиғидан 70 километргача бўлган ҳудудда Россиянинг атиги 23 та танкини аниқлаган. Бу 2023 йил май ойида жанубий йўналишларнинг бирида қайд этилган 470 та танк билан солиштирилади. Шу билан бирга, таҳлилчилар бронетехника бутунлай йўқолмаганини ва кичик бўлинмалар даражасида ҳамон муҳим эканини таъкидлайди. Демак, танклардан фойдаланиш эҳтиёткорлашди, аммо улар фойдасиз бўлиб қолмади.

Дронлар нимани ўзгартирди?

Асосий ўзгариш дроннинг «танкдан кучлироқ» бўлиб қолгани эмас. Уларнинг вазифалари бутунлай бошқа. Танк — ҳимояланган мобил платформа. У экипажни олиб юради, ўт очиш билан қўллаб-қувватлайди ва пиёда аскарлар учун хавфли бўлган шароитларда ҳаракатлана олади. Дрон эса, аввало, кузатув, алоқа, разведка ёки зарба бериш воситасидир. У мустақил равишда ҳудудни эгаллай олмайди, аҳоли пунктини назорат қила олмайди, одамларни эвакуация қила олмайди ва пиёда аскарнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

Шунинг учун масалани кескин тарзда - «танк ёки дрон» тарзида қўйиш нотўғри. Украинадаги урушда янги тизим шаклланмоқда: унда бронетехника, дронлар, артиллерия, электрон кураш воситалари, разведка, алоқа ва пиёда қўшинлар бир-бирини тўлдиради.

АҚШнинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлилчилари ҳам Украинадаги урушни фақат «дронлар уруши» деб аташ нотўғри эканини таъкидлайди. Дронлар артиллерия, танк, муҳандислик бўлинмалари, логистика ёки пиёда қўшинлари ўрнини тўлиқ эгаллай олмаган. Улар ушбу кучлардан фойдаланиш усулларини ўзгартирди. Энг муҳими, дрон ҳудудни эгаллаб, уни ушлаб тура олмайди. Айнан шу жиҳат учувчисиз инқилобнинг асосий чегарасини белгилайди.

Нега қиммат техника заиф бўлиб қолди?

Танкнинг анъанавий концепцияси учта асосий устунликка - ўт очиш кучи, ҳаракатчанлик ва экипажнинг ҳимояланганлигига таянган. Дронлар бу мувозанатни ўзгартирди. Жанг майдони анча «шаффоф» бўлди. Разведка дронлари техника ҳаракатини доимий равишда кузатиши, зарба берувчи тизимлар эса аниқланган нишонга тезкор жавоб бериши мумкин.

Натижада йирик механизациялашган колонналар анча хавфли бўлиб қолди. Фронтнинг дронлар билан тўйинганлиги техника ҳаракатини жиддий чеклади ва бронетехниканинг катта тўпланишларини кўплаб зарбаларга нисбатан заиф ҳолга келтирди.

Шунга қарамасдан, технологик пойга ҳам ҳануз давом этмоқда. Электрон кураш воситаларининг ривожланиши янги дрон технологияларини пайдо қиляпти. Қарши чоралар кучайгани сари дронларнинг бошқаруви ва навигацияси ҳам такомиллашмоқда. Оптик толали бошқарувга эга дронлар бунга яққол мисолдир. Улар бошқарув жараёнида анъанавий радиоалоқа каналидан фойдаланмагани сабабли радиоэлектрон тўсқинликнинг одатий усуллари уларга нисбатан бошқача ишлайди.

Шундай қилиб, дронларнинг ривожланиши оддий FPV-моделлар билан чекланмаяпти. Разведка, сунъий интеллект, алоқа ва автоматлаштирилган бошқарувни ўз ичига олган бутун бир технологик экотизим шаклланмоқда.

Дрон ҳақиқатан ҳам танк ўрнини боса оладими?

Жавоб – йўқ, тўлиқ боса олмайди. Дрон бронетехникани шикастлаши ёки ишдан чиқариши, нишонни аниқлаши, кузатув олиб бориши ва бошқа вазифаларни бажариши мумкин. Аммо у ерда жисмоний мавжудликка эга эмас. Бу принципиал масала.

Фронт чизиғини ўзгартириш учун фақат душман техникасини йўқ қилишнинг ўзи етарли эмас. Ҳудудни эгаллаш, ялпи ҳужум қилиш, йўллар ва аҳоли пунктларини назорат қилиш, коммуникацияларни ҳимоя қилиш ва позицияларни ушлаб туриш керак. Қолаевреса, жонли куч ва техникаларни ўтиш қийин ҳудудлардан (ботқоқ, йўлсиз ерлар ва ҳоказо) эвакуация қилиш чоғларида дрон танк ўрнини боса олмайди.

Шу сабабли Украина тажрибаси қуруқликдаги қўшинларнинг йўқолишини эмас, уларнинг технологик трансформациясини кўрсатмоқда. Келажак танки жанговор гуруҳнинг маркази эмас, балки анча мураккаб тизимнинг бир қисмига айланиши мумкин.

«Танклар даври тугади»ми ёки эски танклар даври тугадими?

The New York Times нашри 33-механизациялашган бригада мисолини келтиради. Ушбу бригада Leopard 2A4 танкларига эга эканини унинг расмий сайти ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга, бригада таркибида турли бронемашиналар, артиллерия тизимлари ва учувчисиз воситалар ҳам мавжуд. Аммо бугунги тузилманинг ўзи устуворликлар ўзгарганини кўрсатади: дронлар энди оддий қўшимча восита эмас, балки мустақил ҳарбий йўналишга айланмоқда.

The New York Times маълумотларига кўра, танк бўлинмаларидаги ҳарбий хизматчиларнинг бир қисми дронлар билан ишлашга қайта тайёрланмоқда. Айрим янги ҳарбий хизматчилар танкларни деярли билмайди ва дарҳол ер усти ёки ҳаво дронлари билан ишлаяпти. Бу оддийгина танкларнинг фронтга камроқ чиқарилишидан кўра муҳимроқ сигнал.

Армия кадрлар таркиби ўзгармоқда. Авваллари танкчилар, артиллериячилар ва пиёда аскарлар асосий мутахассислар ҳисобланган бўлса, эндиликда дрон операторлари, дастурий таъминот, алоқа, сунъий интеллект, маълумотларни таҳлил қилиш ва учувчисиз тизимларни техник таъмирлаш бўйича мутахассисларнинг роли ортмоқда. Демак, инқилоб фақат қурол-аслаҳада эмас. У армиянинг ташкилий тузилмасини ҳам ўзгартирмоқда.

Навбатдаги босқич - сунъий интеллект

Кейинги босқич дронларни сунъий интеллект билан бирлаштириш бўлиши мумкин. 24 августда Буюк Британия ва Украина ҳарбий сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Reuters хабарига кўра, британиялик тадқиқотчилар Украина жанг майдонидаги маълумотларни таҳлил қилиш технологияларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Avengers AI Labs тизимида миллионлаб тасвирлардан иборат маълумотлар базаси мавжуд бўлиб, алгоритмлар дронлардан келадиган катта ҳажмдаги видеомаълумотларни таҳлил қилишда қўлланмоқда. Бу шунчаки дронлар сонининг кўпайишидан ҳам муҳимроқ масала.

Учувчисиз парвоз аппаратлари инқилобининг биринчи босқичи — нишонни кўриш бўлган бўлса, иккинчи босқич — унга тезкор таъсир кўрсатиш, учинчи босқич эса қарор қабул қилиш жараёнининг айрим қисмларини автоматлаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, дронлар ўз оператори билан алоқа йўқолган шароитда ҳам ўзи мустақил душман нишонларини аниқлаши, йўқ қилиши ва ракеталарга чап бериши – яқин истиқболда дронлар олдига қўйиладиган вазифалардир. Бироқ тўлиқ автоном уруш ҳозирча келажак орзуси бўилб қолмоқда. Қарор қабул қилишда инсон роли ҳамон сақланиб қолмоқда.

Starlink янги урушнинг бошқа томонини кўрсатяпти

Замонавий қуролли тизимларнинг рақамли инфратузилмага боғлиқлиги ҳам тобора ортиб боряпти. Starlink Россиянинг 2022 йилдаги кенг кўламли босқинидан кейин Украинадаги алоқа инфратузилмасининг муҳим элементларидан бирига айланди. 2026 йил августида Киев ушбу сунъий йўлдош алоқа тизимидан Украинадан ташқаридаги учувчисиз операцияларда кенгроқ фойдаланиш имкониятини олишга интилмоқда. Reuters хабарига кўра, Украина томони Starlink имкониятларини кенгайтиришни истамоқда, Илон Маск эса аввал Россия ҳудудида тизимдан фойдаланишни чеклаган. Бу эпизод уруш табиатининг қанчалик ўзгарганини кўрсатади.

Бироқ энди вазият ўзгараётганга ўхшайди. Яқинда Украина томони Starlink компанияси ёрдамининг мудофаадаги улкан ролини эътироф этди. Украина Президенти Владимир Зеленский Илон Маскни инсонлар ҳаёти ва эркинлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, Украина ва АҚШ халқлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги алоҳида шахсий хизматлари учун Озодлик ордени билан тақдирлади. «Инсонлар ҳаёти ва эркинлигини ҳимоя қилиш, Украина ва Америка Қўшма Штатлари халқлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги алоҳида шахсий хизматлари учун», — дейилади тегишли фармонда.

Эслатиш жоиз, шу йил август ойи бошида Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров Маск билан Россия ҳудудидаги нишонларга, хусусан, ракета учириш қурилмаларига зарба бериш учун Starlink сунъий йўлдош интернетидан фойдаланиш имконияти бўйича музокараларни давом эттираётганини айтган эди. «Биз Маск билан алоқадамиз, охирги марта бир неча кун олдин мулоқот қилдик», — деган у Сергей Стерненконинг YouTube-каналидаги эфирда. Ўшанда Фёдоров Маск билан олиб борилган музокаралар Украина ҳудудидаги Россия ҳарбийлари учун Starlink хизматини ўчиришга ёрдам берганини ҳам эслатган.

Бу каби омиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, авваллари танкларнинг самарадорлиги асосан двигател, зирҳ, ўқ-дорилар ва экипаж тайёргарлигига боғлиқ эди. Энди кўплаб тизимларнинг самарадорлиги дастурий таъминот, сунъий йўлдош алоқаси, рақамли хариталар, маълумот узатиш каналлари ва ҳисоблаш имкониятларига ҳам боғлиқ. Лекин бу янги турдаги заифликни яратади: армия замонавий жисмоний платформаларга эга бўлиши мумкин, бироқ рақамли инфратузилма издан чиқса, уларнинг самарадорлиги пасаяди.

Дронлар фақат фронт қуроли эмас

Украина тажрибасининг яна бир муҳим хулосаси — дронлардан фойдаланиш географияси кенгаяётганидир. Улар фақат жанг майдонида эмас, балки логистика, инфратузилма ва фронт ортидаги объектларга таъсир кўрсатишда ҳам ишлатилмоқда. 2025 йилдаги Украина операциялари нисбатан кичик учувчисиз тизимлар анча қиммат стратегик объектларга ҳам хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатди.

Бироқ йирик объектлар, омборлар ёки корхоналар зарарлангани ҳақидаги айрим хабарларни эҳтиёткорлик билан баҳолаш лозим. Уруш шароитида томонлар ахборот таъсиридан манфаатдор бўлади, зарар кўлами эса кўпинча мустақил манбалар орқали дарҳол тасдиқланмайди.

Танкни келажакда нима кутяпти?

Танкларни йўқ бўлиб кетиш эмас, балки чуқур трансформация кутпти. Келажакдаги жанговор машина дронлар билан янада кучли интеграциялашган тизимга айланиши мумкин. Бугуннинг ўзида бронетехникани дронлардан ҳимоя қилиш воситалари, сенсорлар, огоҳлантириш тизимлари ва бошқа рақамли технологияларни такомиллаштириш масаласи кун тартибида турибди.

Аммо энг катта ўзгариш техника концепциясининг ўзида юз бериши мумкин. Танк энди жанг майдонининг мустақил «қироли» бўлмайди. У тармоқнинг бир қисмига айланади. Унинг олдида разведка тизимлари ишлаши, атрофида учувчисиз воситалар ҳаракатланиши, юқорида кузатув тизимлари ишлаши, жанговор гуруҳ бошқаруви эса рақамли маълумот алмашиш тизимига таяниши мумкин. Шунинг учун энг реал прогноз — «танкларга қарши дронлар» эмас, балки «дронлар билан бирга ишлайдиган танклар» моделидир.

Асосий хулоса

Украинадаги уруш танкни қуруқликдаги жанговор кучнинг асосий воситаси сифатидаги анъанавий тасаввурни ҳақиқатан ҳам шубҳа остига қўйди. Аммо у танкнинг кераксиз бўлиб қолганини исботламади. У бошқа нарсани исботлади: қиммат платформа энди фақат ўз зирҳига таяна олмайди.

Агар танк катта, кўзга ташланадиган ва дронларга қарши ҳимоя ҳамда разведка тизимлари билан етарлича интеграциялашмаган бўлса, унинг имкониятлари кескин камаяди. Агар эса бронетехника комплекс рақамли тизимнинг бир қисмига айланса, унинг роли сақланиб қолиши мумкин.

Шу маънода, танкларнинг келажаги фақат ҳайдовчисиз форматга ўтиш билан боғлиқ деган қараш кенгроқ тенденцияни акс эттиради. Энди асосий савол танк мавжуд бўладими ёки йўқми эмас, балки учувчисиз уруш даврида танк қандай кўринишга эга бўлади, деган саволдир.

Дронлар арзонроқ, кўпроқ ва тезроқ мослашади. Улар аллақачон разведка, алоқа ва техникадан фойдаланиш усулларини ўзгартирди. Аммо дрон инсоннинг ҳудудни эгаллаш ва ушлаб туриш, муҳандислик ишларини бажариш, логистика ҳамда ҳимояланган мобил платформаларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ боса олмайди.

Шунинг учун келажак формуласи, эҳтимол, қуйидагича бўлади: мустақил танк операциялари камроқ, танклар, дронлар, разведка, сунъий интеллект ва ҳимоя тизимларининг интеграцияси эса кўпроқ аҳамиятга эга бўлади. Украина урушининг асосий сабоғи ҳам айнан шунда: келажакдаги жанговор куч битта «суперқурол»га эмас, балки ўзаро боғланган технологиялар, инсон ва машина имкониятларининг ягона тизимига таянади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid