Наманганда аҳоли маблағини ўзлаштирган солиқ мансабдори фош бўлди
У жами 101 та ҳолатда 53 млн сўмдан ошиқ пулни солиқ тўловчилардан нақд шаклда ундириб олиб, ўз манфаатлари учун ишлатиб юборган.
Наманган шаҳар судида аҳолидан йиғилган маблағларни талон-торож қилган собиқ солиқ мансабдорига нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд. Қайд этиш керакки, судланувчи 2024 йил бошида ҳам 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, ҳозирда жазони ўтамоқда.
Қ.Б 2020-2023 йилларда Наманган шаҳар солиқ инспекцияси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаган. У ўзига бириктирилган Наманган шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи фуқаролардан 96 та ҳолатда 45 534 600 сўм ер ва мол- мулк солиғи, 5 та ҳолатда 7.705.000 сўм якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқ ва ижтимоий тўлов жами 101 та ҳолатда 53 239 600 сўм пул маблағларини солиқ тўловчилардан нақд пул шаклида ундириб олган. Бироқ пул маблағини солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига кирим қилмасдан, ўз шахсий манфаатлари учун сарфлаб, ихтиёридаги ўзганинг анча миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Судда айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Якуний суд ҳукмига кўра, Қ.Б ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209- моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга Наманган шаҳар судининг 16.01.2024 йилдаги ҳукмига кўра жазо тайинланиб, ўталмаган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларини мазкур ҳукм билан тайинланган жазоларга тегишлича қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 2 йил 8 ой Давлат солиқ инспекцияси тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга киргач, судланувчи Б.Қ.дан Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармаси фойдасига 53.239.600 сўм ундирилиши белгиланди.
Суд ҳужжати Олий суд очиқ порталидан олинди.