Малака ошириш кенгашига бош вазир раислик қилади
Президентга кўрсатилган тақдимотда миллий малака тизимини ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш республика кенгашига бош вазир раислик қилади. Унинг таркибида 24 та янги тармоқ кенгашлари тузилади.
Шавкат Мирзиёев 24 сентябр куни касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
"Сўнгги йилларда бу борада муайян ишлар қилинди. Лекин вазифалар ундан-да кўп. Мингдан зиёд ишчи касбларнинг стандартлари ишлаб чиқилмаган. Айрим касблар бўйича квалификациялар халқаро талабларга мос келмайди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Таълим соҳасидаги лойиҳалар офиси ҳузурида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти фаолияти йўлга қўйилади. Институт ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Миллий малака рамкасини янги таҳрирда қабул қилади. Лавозим ва касблар классификатори қайта кўриб чиқилади, 100 га яқин замонавий касблар киритилиб, ҳозир амалиётда бўлмаганлари чиқариб ташланади.