Бойсундаги газ конидаги портлашда икки киши вафот этди
Бу маълумотни Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев тасдиқлади.
Бойсундаги газ конида портлашда икки киши вафот этган.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" (М-25) газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берган.
Ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев тасдиқлади.
"Ҳақиқатан, кеча сиз айтган ўша нохуш ҳолат бўйича, 2 нафар ўлгани бўйича, воқеа жойига вилоят прокурорининг ўзи чиққан. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда вазият натижасида вафот этганлардан ташқари жароҳатланган фуқаролар ҳам мавжуд.
" Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлгани тўғрисидаги ҳолат бор. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади" — деди Бош прокуратура вакили.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойи бошида газ конида водород сулфид сизиб чиқа бошлаган ва 15 сентябрда ҳолат бартараф этилгани хабар қилинганди.