Қорамоллар орасида жиддий касаллик учраётгани ҳақида аудио тарқатган фуқаро огоҳлантирилди
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, сўнгги олти ой давомида чорва молларида бирор бир касаллик аниқланмаган.
Қорамоллар орасида хавфли касаллик учраётгани ҳақида хабар тарқатган фуқаро огоҳлантирилди.
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан қорамолларда юқумли касаллик тарқалгани туфайли ҳар жойдан ҳам гўшт сотиб олмасликка чорловчи аудиохабари турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ҳолат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда тегишли идора вакиллари ҳамкорлигида атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, сўнгги олти ой давомида ҳудуддаги чорва молларида бирор бир касаллик аниқланмаганлиги, қорамоллар соғлом парвариш қилинаётгани аниқланди.
Хабар тарқатган аудиохабар эгаси Фарғона вилояти, Бувайда туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф. Т. эканлиги маълум бўлди. Фуқаро Ф.Т. га ёлғон хабар бериш, ваҳима уйғотувчи асосланмаган маълумот тарқатиш учун қонунчиликда жиддий жазо борлиги тушунтирилди ҳамда мутасадди идоралар томонидан огоҳлантирилди.
"Маълумот ўрнида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимга доир ҳар қандай йўналишда жиддий назоратга олган. Шунингдек, чорвачиликда янги ва замонавий ёндашувлар, қорамолларни сифатли етиштириш, уларни эҳтимолий касалликлардан сақлаш бўйича ҳам доимий кузатув ўрнатилган", дейилади вазирлик хабарида.